Al-Jazeera телеканали эфирида «Толибон» ҳаракати вакили Муҳаммад Наим Афғонистондаги уруш якунланганлиги ҳақида маълум қилди, дея хабар бермоқда РБК.

«Биз Афғонистоннинг барча арбоблари билан мулоқот олиб боришга ва уларга зарур ҳимояни кафолатлашга тайёрмиз», — дея қўшимча қилди Наим.

Унинг сўзларига кўра, «Толибон» ҳар бир қадамини «масъулият билан босади ва барча томонлар билан тинч муносабатларни сақлаш ниятида».

«Биз интилганимизга — мамлакатимиз озодлиги ва халқимизнинг мустақиллигига эришдик», — дея қўшимча қилди у. Унга кўра, гуруҳ Афғонистон ҳудудидан бошқа давлатларга ҳужум қилиш учун фойдаланишга йўл қўймайди ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмайди. Наим, шунингдек, халқаро муаммоларни мулоқот орқали ҳал қилишга тайёрлигини билдирди.

Twitter`да «Толибон» вакили Афғонистон пойтахти гуруҳ назоратига ўтиши чет эл фуқаролари ва дипломатик ваколатхоналар учун хавф туғдирмаслиги ҳақида таъкидлаб, халқаро муаммоларни мулоқот орқали ҳал қилишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек у «Толибон» вакиллари алоҳида яшашни истамаслиги, Афғонистонда янги ҳукуматнинг тури ва шакли тез орада аниқ бўлишини айтиб ўтди. «Худога шукур, мамлакатда уруш тугади», — деди у.

«Кобулда бўлган ҳар бир киши бизга ишониши мумкин ва Ислом Амирлиги („Толибон“ давлатининг номи) кучларига Кобул ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида хавфсизликни таъминлаш бўйича кўрсатма берилган», — дейилади хабарда.

15 август куни эрталаб толибларнинг ҳужуми ҳақидаги хабарлар ортидан АҚШ ҳукумати ўз дипломатларининг Кобулдан зудлик билан эвакуация қилиниши ҳақида эълон қилди. The New York Times маълумотларига кўра, АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзад толибларни Америка фуқаролари эвакуацияси тугагунга қадар шаҳарга кирмасликка чақирди. Уларнинг Кобулдаги сони тахминан 10 минг нафарни ташкил этади.

Шанба куни «Толибон» ҳаракати Афғонистон шимоли-ғарбидаги Балх провинцияси маъмурий маркази Мозори-Шариф шаҳри қўлга олингани ҳақида эълон қилди. Кейинроқ толиблар Жалолободни назоратига олиб, Кобул қамалини бошлаган эди.