15 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Суҳбатда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбарлари Афғонистонда юзага келаётган вазият бўйича фикр алмашдилар.

«Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида икки мамлакатнинг тегишли идоралари ўртасида яқин алоқалар ва ҳамкорликни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди», — дейилади хабарда.

Кремль матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбарлари «Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиш тафсилотларини муҳокама қилдилар».

«Шуни инобатга олган ҳолда, Россия ва Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олинди», — дейилади хабарда.

Якшанба куни «Газета.uz» «Толибон» ҳаракати аъзолари Кобулга киргани ҳақида хабар қилган эди. ОАВ Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг истеъфоси эҳтимоли ҳақида хабар қилмоқда. Афғонистон ИИВ раҳбари ҳокимиятнинг тинч йўл билан ўтишини маълум қилди.