Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 71 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълум қилди.

Усмонхон Алимов Самарқанд вилояти Иштихон туманида таваллуд топган. 1982−1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983−1987 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1989−1990 йилларда эса Марокашнинг «Каравийн» дорилфунунида таҳсил олган.

У Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида 1980−1982 йилларда имом-ноиб, 1987−1989 йилларда, сўнгра яна 1990−2006 йиллар мобайнида ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида фаолият юритган.

2000−2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиби бўлиб меҳнат қилган.

Усмонхон Алимов 2006 йилдан буён эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида ишлаб келаётганди.

Аввалроқ, Усмонхон Алимов Москвада даволанаётгани маълум қилинган эди.