«Толибон» ҳаракати Афғонистон пойтахтига барча йўналишлардан ҳужум қилмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги Афғонистон ИИВ вакилига таяниб хабар қилди.

Кейинроқ Афғонистон ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Абдул Саттар Мирзаквал Tolo News телеканали эфирида Кобулга ҳужум қилинмаётгани, ҳокимият тинч йўл билан ўтишини маълум қилди.

«Толибон» Афғонистон пойтахти Кобулни тарк этишни хоҳлаган барчага чиқиш ҳуқуқини таъминлайди, дея хабар қилди Al Arabiya телеканали толиблар баёнотига таянган ҳолда. Ҳаракат аҳолини ўз уйларини тарк этмасликка, ҳукумат амалдорларини эса оиласи билан мамлакатни тарк этмасликка чақирмоқда. «Толибон» ҳукумат армияси ҳарбий хизматчиларига амнистия, хусусий шахслар ва давлат мол-мулклари дахлсизлигини ваъда қилди.

Кобулда бўлган чет элликларга шаҳарни тарк этиш ёки «Толибон» вакиллари ҳузурида рўйхатдан ўтиш таклиф этилди.

Бундан ташқари, толиблар Афғонистоннинг яна икки провинцияси — Бамиан ва Каписа марказлари, шунингдек, аввалроқ АҚШ афғон ҳарбийларига топширган йирик Баграм авиабазаси ҳам қўлга киритилганини маълум қилди, дея қайд этди BBC.

Al Arabiya телеканали манбаларига кўра, Афғонистон президенти Ашраф Ғани яқин бир неча соатда ваколатини топширади. Reuters дипломатик манбаларига таяниб ёзишича, Афғонистоннинг собиқ ички ишлар вазири Али Аҳмад Жилали ҳокимиятни топшириш органи раҳбари этиб тайинланган.

Кобулдаги Америка элчихонаси устидаги вертолёт. Якшанба, 2021 йил 15 август. AP сайтидан скриншот.

Meduza бир ой муқаддам АҚШ президенти Жо Байден толиблар Кобул устидан назоратни қўлга ололмаслигини маълум қилганини ёзди. Беш кун муқаддам Америка разведкаси ҳаракат жангарилари Афғонистон пойтахтини қуршовга олиш учун бир ой, уни тўлиқ қўлга олиш учун эса уч ой керак, деб ҳисоблаши хабар қилинган эди. Ўшанда Жо Байден Афғонистондаги вазиятни 1975 йилдаги ҳодисалар билан таққослаб бўлмаслигини айтганди. Ўшанда Америка фуқаролари Сайгондан ҳаво орқали эвакуация қилинган эди.

«„Толибон“ — бу Шимолий Вьетнам армияси эмас. Улар бундай имкониятларга яқинлашолмайдилар ҳам. Сиз Афғонистондаги АҚШ элчихонаси томидан одамларни олаётганларини кўрмайсиз. Бу таққосланадиган вазият эмас», — деган эди у.

15 август куни эрталаб толибларнинг ҳужуми ҳақидаги хабарлар ортидан АҚШ ҳукумати ўз дипломатлари Кобулдан зудлик билан эвакуация қилиниши ҳақида эълон қилди. The New York Times маълумотларига кўра, АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзад толибларни Америка фуқаролари эвакуацияси тугагунга қадар шаҳарга кирмасликка чақирди. Уларнинг Кобулдаги сони тахминан 10 минг нафарни ташкил этади.

Шанба куни «Толибон» ҳаракати Афғонистон шимоли-ғарбидаги Балх провинцияси маъмурий маркази Мозори Шариф шаҳри қўлга олингани ҳақида эълон қилди. Кейинроқ толиблар Жалолободни назоратига олиб, Кобул қуршовини бошлади.