13 август куни Ўзбекистон президенти Токио Олимпиадаси иштирокчилари билан учрашиб, Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчи ва мураббийларни мукофотлагани ҳақида ёзган эдик. Учрашув давомида Шавкат Мирзиёев Париж Олимпиадасига ҳозирдан тайёргарлик кўриш кераклигини айтиб, энг муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Тақдирлаш маромисидан сўнг, бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда президент томонидан қўйилган вазифаларга тўхталиб ўтди.

Унинг таъкидлашича, давлат раҳбари Олимпия ва Паралимпия спортчиларини тенг кўриш ва бирдек шарт-шароитлар яратиб бериш, қолаверса, спорт мусобақаларидаги таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ҳолатларига чек қўйиш бўйича топшириқ берган. У бунга қарши қандай чоралар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

«Мусобақаларда таниш-билишчиликка чек қўйиш бўйича аниқ топшириқ берилди. Яъни тегишли онлайн платформа яратилади. Айнан пастдан турли мусобақаларда яхши натижаларни кўрсатган спортчилар вилоят ва республика босқичида қатнашадиган тизим ишлаб чиқилади. Бу дегани, эртага кимдир ўзидан-ўзи, ҳеч қаерда ютмасдан халқаро турнирларда ёки республика даражасида бўлиб ўтадиган мусобақаларда иштирок эта олмайди. Мени ўйлашимча, бу жуда оддий ва равшан тизим бўлади», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, ушбу тизим орқали исталган фуқаро мусобақалар қандай ташкил этилаётганини кўра олади. «Энди биз мусобақаларда ким қатнашаяпти, олдин қанақа натижаларга эга бўлган, нимага кучли спортчилар иштирок этмаяпти, деган саволларга жавоб топа оламиз», — деди у.

Ушбу платформа аввалига фақат олимпия ва паралимпия спорт турлари учун ишлаб чиқилиши маълум қилинди.

«Биринчи қадам сифатида Олимпия ва Паралимпия спорт турларига ушбу тизимни жорий этиб оламиз. Кейинчалик бошқа спорт турларига ҳам тадбиқ этилади. Энди спорт турлари кўп, ҳаммасини қамраб олиш қийин. Биз халқаро консултинг компанияси жалб этиб, тўлиқ спорт тизими бошқаруви ва молиялаштиришини аудитдан ўтказгандан сўнг, кўп янгилик ва хорижий тажрибаларни жорий этамиз», — деди бош вазир ўринбосари.

У шунингдек, хориждан легионерларни олиб келишга сарфланаётган маблағларни ўзимизда спортчиларни тайёрлашга сарфлаш зарурлигини айтиб ўтди.

«Керак эмас легионерлар. Мана кўрдикку, легионер натижа ҳам бермаяпти. Уларга берилаётган катта-катта пулларни ўзимизни спортчиларга сарфлаганимизда анча кўп самара олар эдик», — деди у.