Марказий сайлов комиссияси 14 август куни Ўзбекистондаги бешта сиёсий партияга октябрда бўлиб ўтадиган президент сайловида иштирок этишга рухсат берди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Комиссиянинг шанба куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида Экологик партияси, ХДП, ЎзЛиДеП, «Миллий тикланиш» ва «Адолат» партияларининг Ўзбекистон президенти сайловида иштирок этишга ижозат беришни сўраб тақдим қилган ҳужжатлари кўриб чиқилди.

МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг сўзларига кўра, партиялар томонидан белгиланган муддатда Сайлов кодексида назарда тутилган барча ҳужжатлар тақдим этилган. Шундан келиб чиқиб, комиссия аъзолари бир овоздан сайловда иштирок этиш учун ижозат бериш тўғрисидаги қарорларни маъқуллаб овоз беришди.

Энди сиёсий партиялар МСКга Ўзбекистон президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб ариза билан мурожаат этиши мумкин.

Сайлов кодексига кўра, сиёсий партия юқори органининг Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори, сиёсий партия юқори органи мажлисининг Ўзбекистон президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги, номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими, иш ва яшаш жойи, партиявийлиги кўрсатилган баённомаси, номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси, номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари ҳам топширилади.

Шунингдек, сиёсий партия МСКда ўз номзодини рўйхатдан ўтказиши учун, Ўзбекистондаги жами сайловчилар умумий сонининг камида бир фоизининг имзоси билан имзо варақаларини тақдим этиши керак бўлади.

Маълумот ўрнида, 5 та сиёсий партия президент сайловига ўз номзодларини эълон қилишди:

Эслатиб ўтамиз, эндиликда ушбу номзодлар партиялар қурултойи томонидан тасдиқланиши ва МСКга тегишли ҳужжатлар юборилиши лозим.