Ҳаво флоти куни арафасида Тошкент ҳарбий округи «Чирчиқ» полигонида ҳарбий авиация авиашоуси бўлиб ўтди.Тадбир Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонликлари томонидан ташкил этилди.

Ҳаво флоти куни август ойининг учинчи якшанбасида нишонланади. Жорий йилда анъанавий тадбир пандемия муносабати билан чекланган сондаги иштирокчилар билан бўлиб ўтди.

Шоуда МиГ-29 қирувчилари, Су-25 штурмчилари, Ил-76, Airbus C-295W CASA ҳарбий-транспорт самолётлари, шунингдек, Airbus H-125, Airbus H-215, Ми-24 ва Ми-35 вертолётлари парвозлари тақдим этилди.

Манёврларни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва ҲҲК раҳбарияти кузатиб борди.
Авиашоуни Ўзбекистон ва ҲҲК байроқлари бўлган иккита вертолёт очиб берди. Улар ортидан турли вертолётлар гуруҳи парвоз қилди.

Сўнгра полигон узра иккита МиГ-29 ҳамроҳлигида доимо навқирон Ил-76 учиб ўтди. Унинг ортидан Су-25 гуруҳи парвоз қилиб, юқорига кўтарилди. Замонавий CASA C-29 транспорт самолётлари полигон устидан бир неча марта учиб, ўз имкониятларини намойиш қилди.

Тадбир якунида вертолётлардан шартли ёнғин ўчоғига ҳаводан туриб сув пуркалди.

Одатда Ҳарбий-ҳаво кучлари фаолияти мамлакатнинг оддий фуқаролари кўзига таниш эмас. Улар Ўзбекистон фуқароларини ташқи таҳдидлардан ҳимоялаш билан бир қаторда, турли қутқарув операциялари ва мамлакат ичидаги бошқа амалиётларда қатнашади. Жумладан, аҳолини табиий офат ҳудудларидан эвакуация қилиш, ўрмон ёнғинларини ўчириш, коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва бошқаларда.

Фото