Ўзбекистон президенти 11 август куни «Расмий статистика тўғрисида"ги қонунни имзолади. Ҳужжат Миллий қонунчилик маълумотлари базасида эълон қилинди.

Давлат статистика қўмитаси шарҳида қонун билан мазкур соҳага киритилаётган янгиликлар санаб ўтилган. Унда, шунингдек, 2002 йилда қабул қилинган «Давлат статистика тўғрисида"ги қонун халқаро стандартларга тўлақонли жавоб бера олмаслиги қайд этилган.

Янги қонунни ишлаб чиқишда БМТнинг европа иқтисодий комиссияси томонидан Шарқий европа, Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари учун махсус ишлаб чиқилган Расмий статистика тўғрисидаги модел қонунига таянилди.

Жараёнга Ҳукумат, вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда Жаҳон банкининг хорижий экспертлари жалб этилди. МДҲ, Осиё ва Европа мамлакатларининг қонунчилиги ҳамда Россия Федератсияси, Беларус, Қозоғистон ва бошқа давлатларнинг расмий статистика борасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилди.

Янги Қонун 7 та боб ва 44 та моддадан иборат. Ҳужжатда расмий статистика Ўзбекистондаги иқтисодий, демографик, ижтимоий, молиявий, экологик ҳодисалар ва жараёнларни ҳамда бошқа ҳодисалар ва жараёнларни тавсифловчи, тарқатиладиган статистика маълумотларидан иборатлиги аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Бундан буён ушбу қонун қоидаларига мувофиқ тайёрланмаган ҳар қандай статистика маълумоти расмий деб тан олинмайди.

Миллий статистика тизими ташкил этилиб, унинг таркибига статистика органлари билан бир қаторда расмий статистика масалалари доирасида бошқа расмий статистикани тайёрловчи ва тарқатувчи давлат бошқаруви органлари ҳам киритилмоқда.

Хусусан, янги қонунда миллий статистика тизими субектлари сифатида расмий статистика маълумотларини тайёрлашда бевосита иштирок этувчи 30 дан зиёд давлат бошқаруви органларининг ҳуқуқ, вазифа ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Миллий статистика тизими фаолиятини самарали мувофиқлаштириб бориш мақсадида Давлат статистика қўмитаси ваколатли орган сифатида белгиланмоқда. Давлат статистика қўмитасига бошқа расмий статистикани тайёрловчиларнинг статистика услубиятларини халқаро тавсияларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан аудитдан ўтказиш ваколати қонун билан мустаҳкамланмоқда.

Бундан ташқари, респондентлар, маъмурий маълумотларни етказиб берувчилар ҳамда статистик маълумотлардан фойдаланувчиларнинг ваколатлари, вазифа ва мажбуриятлари ҳам аниқлаштирилмоқда.

Аввалги қонунда, қўмитанинг қайд этишича, статистика ишлари дастурининг тавсифи, уни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби батафсил ёритилмаган, узоқ йиллик ва йиллик статистик дастурларни ишлаб чиқиш, келишиш, тасдиқлаш ва молиялаштириш тартиби, статистик кузатувлар ҳамда рўйхатга олишларнинг турлари ва уларни амалга оширишга оид қоидалар назарда тутилмаган эди.

Янги қонун бу бўшлиқларни тўлдириб, тегишли қоидалар мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Шунингдек, янги қонунимизда расмий статистик маълумотларнинг сифати ва уларни баҳолаш бўйича талаблар белгиланмоқда. Яъни, статистиканинг сифатини таъминлаш мақсадида расмий статистикани тайёрловчилар томонидан маълумотларни баҳолашнинг статистик усулларидан фойдаланиши, фойдаланиладиган манбалар ва усулларни ҳужжатлаштириб бориши, бундан ташқари респондентларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, илмий жамоатчилик билан статистик методологияни баҳолаш ва уни такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик қилиш каби механизмлар ўз аксини топмоқда, дейилади шарҳда.

Бундан ташқари, статистик маълумотлар билан ишлашга оид қоидалар аниқлаштирилмоқда.

Қўмитанинг қайд этишича, бугунги кунга қадар статистик маълумотларни тайёрлаш, улардан фойдаланиш, эълон қилиш ва тарқатиш, шунингдек, қайта ишлаш ва сақлашда ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида талаблар мавжуд эмас эди. Янги қонунда бу бўшлиқлар бартараф этилиб, маъмурий, индивидуал ва махфий маълумотлардан фойдаланиш қоидалари ва мақсадлари белгиланмоқда.

Шунингдек, расмий статистикани тайёрловчилар томонидан статистик маълумотларни барчага баравар фойдаланиш имконини яратиш, уларни фойдаланувчиларга тушунарли бўлиши учун изоҳлар билан бирга белгиланган муддатларда нашр қилиниши ҳамда расмий сайтлар ва ОАВларда эълон қилиниши таъминланиши бўйича қоидалар аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Янги қонун халқаро статистик ҳамжамият томонидан тавсия этилган расмий статистиканинг асосий тамойилларига мамлакатда тўлиқ риоя қилиш учун зарур ва ишончли ҳуқуқий асосни яратиб беради, дейилади шарҳда.