Олий Мажлис Қонунчилик палатаси cпикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги мактабгача таълим ташкилотида 25 нафар тарбияланувчилар заҳарлангани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.

Унинг таъкидлашига кўра, «келажак шаклланадиган соҳа — таълим-тарбияда келажакка хиёнатчилар учрамоқда».

«Болани соғлом, тарбияли ва билимли бўлишини ташкил қилишдек масъулият юкланган инсон болаларни озуқасини ўғирласа, сифатлисини «виждонсизларча» ўзи еб, болаларга қолдиқларини ёки эскироқларини едириб юборса. Билим ўрнига болалар тафаккурига «хатолар пакети» ёки «бўшлиқ»ни жойласа. Пулини олиб, қулаб тушадиган кўприкни лойиҳалайдиган муҳандисга «аъло»ни босиб берса… бу тоифа инсон бу қадар масъулиятли жойда нима қилиб юрибди, деган савол туғилишидек табиий нима бор?», — дейди депутат.

Алишер Қодиров Жиноят кодексига «Келажакка хиёнат» бобини киритишни ва ушбу бобда болалар боғчаси, мактаб ва олийгоҳларда «вазифасига хиёнат қилаётганлар, болаларнинг хаққи ва вақтини ўғрилаётганларга» нисбатан чоралар белгиланишини таклиф қилди.

«Такрор айтаман, бу соҳада қаҳрамонлар ишлаши керак. Ва уларнинг маошлари ҳам, меҳнат шароитлари ҳам энг юқори даражада бўлиши шарт», дейди депутат.