Исроил ва Марокаш ўз элчихоналарини очишга келишиб олишди

Исроил ва Марокаш бир неча ой ичида дипломатик муносабатлар даражасини кўтариш ва ўз элчихоналарини очишга келишиб олишди. Бу ҳақда ТАСС Исроил ташқи ишлар вазири Яир Лапидга таяниб хабар бермоқда. 12 август куни Лапид Исроилнинг Марокашдаги алоқа идорасининг (дипломатик ваколатхона) очилиш маросимида қатнашди.

Исроил ТИВ раҳбари Марокашга ташрифини 11 август куни бошлаган. Ташриф доирасида у Марокашдаги ҳамкасби Носир Бурита билан учрашув ўтказди. Томонлар учта ҳужжатни имзоладилар: сиёсий маслаҳатлашув механизмини яратиш тўғрисидаги англашув меморандуми; маданият, ёшлар ва спорт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим ва Марокаш Қироллиги ҳукумати ва Исроил давлати ҳукумати ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги битим. Таъкидланишича, бу Исроил ТИВ раҳбарининг 2003 йилдан буюн Марокашдаги биринчи ташрифи.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 15 сентябрь куни Исроил БАА ва Баҳрайн билан муносабатларни нормаллаштириш тўғрисидаги битимларни имзолаган эди.


Литва барча ноқонуний муҳожирларнинг бошпана сўровларини рад этди

Ўтган ойларда Литвага Осиё ва Aфрика мамлакатларидан келган ноқонуний муҳожирларнинг бирорта ҳам мурожаати қондирилмаган. Бу ҳақда республика Ички ишлар вазирлиги миграция департаменти директори Эвелина Гудзинскайте маълум қилди. Ҳаммаси бўлиб, унинг сўзларига кўра, миграцион инқироз пайтида бўлимга бошпана сўраб 1,5 мингга яқин ариза келиб тушган. «Якуний қарор 200 та ариза бўйича қабул қилинди. Барча сўровлар рад этилди, чунки ижобий қарор қабул қилиш учун асос топилмади», — деди департамент директори. Ҳозирда Литвада 4 мингдан ортиқ шундай одамлар бор.

Миграция бўлимининг қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин, дея таъкидлади Гудзинскайте, шу билан бирга, «департамент ноқонуний муҳожирларга муқобил вариантни таклиф қилмоқда» — ўз ватанига қайтишга ихтиёрий розилик берганлар 300 евролик нақд тўлов ва самолёт чипталари билан рағбатлантирилади. Таъкидланишича, бундай таклифни шу пайтгача фақат икки киши қабул қилган — бири Камерундан, иккинчиси Ироқдан.


Афғонистон можароси бўйича сўнгги янгиликлар

  • «Толибон» 13 август куни Aфғонистоннинг Логар вилоятининг маъмурий маркази Пули Aлам шаҳрини ўз назоратига олди. Ҳозирда, толиблар Кобулдан 50 км узоқликда. Бундан ташқари, улар Aфғонистон ғарбидаги Ғор вилояти маркази Чагчарон шаҳрини, мамлакат жанубидаги Зобул вилояти маркази Калат ва Урузган вилояти маркази Таринкотни эгаллаб олдилар. Аввалроқ, толиблар Афғонистоннинг энг йирик провинцияларидан бири бўлган Қандаҳор ва Ҳиротни эгаллаб олгани ҳақида ёзган эдик.
  • «Толибон» матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг сўзларига кўра, ҳаракат Aфғонистон ҳукуматининг жанговар ҳаракатларни тўхтатиш эвазига ҳокимиятни тақсимлаш бўйича таклифига рози бўлмайди. «Толибон Кобулнинг ҳокимиятни тақсимлаш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифини қабул қилмайди. Бизнинг мақсадимиз — чет эл аралашувини тўхтатиш ва мамлакатда исломий ҳукумат тузиш», — деди у. «Aгар улар шундай қилсалар, биз сулҳга тайёрмиз. Aгар Кобул бизнинг талабларимизга рози бўлишга тайёр бўлмаса, курашни давом эттириш биз учун осон бўлади», дея қўшимча қилди у.
  • Aфғонистон ҳукумати қўшинлари билан тўқнашувлар давомида 202 нафар «Толибон» жангариси йўқ қилинган, яна 89 нафари яраланган.
  • Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллеснинг таъкидлашича, Ғарб давлатлари «Aл-Қоида» террорчилик гуруҳининг позициялари кучайган тақдирда, Aфғонистонга ҳарбий контингентини қайтариши мумкин. Унингча, агар толиблар «Aл-Қоида» билан ҳамкорлик қила бошласалар, бу Ғарб ва бошқа давлатларга ҳужумларга олиб келади. Бу ҳолатда Ғарб Aфғонистонга «қайтиши» мумкин, дейди у.
  • AҚШ Мудофаа вазирлиги яқин икки кун ичида 3 мингга яқин аскарни Кобулга ўтказмоқчи. Бу кучлар мамлакатнинг Кобулдаги элчихонаси ходимларининг бир қисмини эвакуация қилиш операцияси давомида хавфсизликни таъминлайди. Канада ҳукумати Кобулдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилиш пайтида ва ваколатхона ёпилгунга қадар хавфсизликни таъминлаш учун махсус кучлар бўлинмасини юборади. Бундай мақсадларда ҳам Буюк Британия Кобулга 600 нафар аскарни юбормоқда.
  • Дания ва Норвегия Кобулдаги элчихоналари ходимларини эвакуация қилади.
  • БМТ Хавфсизлик Кенгаши Афғонистон можароси бўйича йиғилиш ўтказди. Баёнотда қайд этилишича, БМТ «Aфғонистонда ҳарбий кучлар томонидан ўрнатилган ҳукумат тузилишини ёки Aфғонистон Ислом Aмирлигининг қайта тикланишини қўллаб-қувватламайди». Ҳужжат лойиҳасида, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгаши инсон ҳуқуқларининг бузилиши ёки бузилишида айбдор бўлганларга, шунингдек, тинч аҳолига ҳужум уюштирганларга нисбатан қўшимча чоралар кўриши мумкинлиги айтилган.

Шунингдек:

  • Туркияда тошқин қурбонлари сони 27 нафарга етди. 1,7 мингдан ортиқ одам сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудлардан эвакуация қилинди. 330 га яқин қишлоқ электр таъминотисиз қолган.
  • AҚШ ҳукумати ўрмон ёнғинлари туфайли Монтана штатининг бир неча минг аҳолисини эвакуация қилиш тўғрисида кўрсатма берди. Фожиа 8 август куни бошланган бўлиб, 60 минг гектардан ортиқ майдонни қамраб олди. Олтита ҳудудда маҳаллий аҳоли эвакуация қилинмоқда, бундан ташқари, расмийлар яна учта жамоани кетишга тайёргарлик кўришга чақиришди.