Президент Олимпиада ўйинлари иштирокчилари учрашувида кўп йиллар давомида спорт гимнастикаси бўйича спортчи — Оксана Чусовитинанинг хизматларига алоҳида тўхталди, деб хабар берди президент матбуот котиби.

«Оксана Александровнанинг навбатдаги иштироки Токио Олимпиадасининг муҳим воқеаси сифатида эътироф этилди. Дунё ҳамжамияти Оксананинг чиқишини катта завқ ва ҳаяжон билан кузатар экан, Чусовитинанинг матонатига, ўз ишига бўлган садоқатига тан берди», — деди давлат раҳбари.

«Ҳаётини спортга, бундай йирик мусобақада муваффақиятга эришишдек мақсадга бағишлаш учун зўр ирода ва фидойилик керак, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бундай афсонавий спортчимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Унинг мардлиги, ғалабага бўлган қатъий интилиши ёш спортчиларимиз учун муваффақият ва шуҳрат қозонишнинг ўзига хос ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев улкан хизматлари учун Оксана Чусовитинага «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози» фахрий унвони берилганини маълум қилди.

Президент матбуот котиби таъкидлашига кўра, давлат раҳбари Оксана Чусовитина мураббийлик фаолиятини муваффақиятли олиб бориб, спорт гимнастикаси бўйича янги чемпионларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшишига умид билдирди.

Шунингдек, Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти учун барча зарур шароитлар яратишга топшириқ берилди.

«Ҳурматли Оксана Александровна, Ватанимизга бўлган меҳрингиз ва садоқатингиз, спортдаги фидойилигингиз, букилмас ирода ва матонатингиз учун сизга яна бир бор катта миннатдорчилик билдираман», — деди президент.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг январь ойида Оксана Чусовитина Токиода ўтказиладиган олимпиададан кейин фаолиятини якунлашини маълум қилган эди.

Оксана Чусовитина еттита ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган ер юзидаги ягона аёл гимнастикачиси ҳисобланади.