COVID-19'га қарши жамоавий иммунитетига эришиб бўлмайди — AstraZeneca вакцинаси яратувчиси

Коронавируснинг «дельта» штамми COVID-19'га қарши жамоавий иммунитети шаклланишини имконсиз қилмоқда, чунки у ҳатто эмланган одамларга ҳам юқишни давом этмоқда. Бу ҳақда AstraZeneca билан ҳамкорлик қилаётган Оксфорд коронавирусга қарши эмлаш ишлаб чиқиш гуруҳи раҳбари, профессор Эндрю Поллард айтиб ўтди.

Ҳатто барча болаларни эмласак ҳам, бу вирус тарқалишини тўхтатмайди, деди у Буюк Британия депутатларига. Бунинг ўрнига у COVID-19 билан оғир касал бўлганларни даволашни оптималлаштиришга эътибор қаратишни таклиф қилди. «Муаммо шундаки, бу вирус қизамиқ вируси эмас. Aгар аҳолининг 95 фоизи қизамиққа қарши эмланса, қизамиқ вируси бошқа тарқалмайди», — унинг сўзларини келтиради The Guardian. «„Дельта“ варианти эмланганларга юқишни давом этмоқда. Ва бу шуни англатадики, ҳали эмланмаганлар эртами-кечми бу вирусга дуч келадилар. Бизда унинг тарқалишини бутунлай тўхтата оладиган ҳеч нарса йўқ. Унинг сўзларига кўра, вакциналар коронавирус инфекциясининг оғир ҳолатлари ва ўлимдан ҳимоя қилади, аммо инфекцияни юқтиришдан эмас».

Профессор қайта эмлаш (ревакцинация) тўғрисидаги қарорларни маъқуламасдан, буни «олимлар қабул қилишлари керак», дея таъкидлади. Унингча, вакциналарнинг учинчи дозалари улар кераклироқ жойларга, масалан, одамларга дори-дармони етарли бўлмаган чет эл мамлакатларига юборилиши керак. Полларднинг айтишича, эмланган одамларнинг иммунитет тизими ўнлаб йиллар давомида улар икки марта эмланганини эслаб қолиб, уларни коронавирусдан ҳимоя қилади.

Аввалроқ ЖССТ давлатларни ўз фуқароларини қайта эмлашни кечиктиришга ва ўз аҳолисини эмлашга ҳали улгурмаган мамлакатлар билан вакциналарни баҳам кўришга чақирган эди.


Дунё бўйлаб табиий офатлар

  • Италияда 528 та ўрмон ёнғини қайд этилган, шундан 230 таси Сицилия оролига тўғри келади. Бундан ташқари, Калабрия вилоятида 100 та ёнғин содир бўлганлиги хабар қилинган. 4 киши ҳалок бўлди. Сўнгги кунларда Италияда «Луцифер» деб номланган антициклон кузатилмоқда. 11 август куни Сицилия оролидаги ҳаво ҳарорати 48,8 даражага етди ва бу Европа учун янги рекорд бўлди. Иссиқлик тўлқини Италияда яна бир неча кун давом этиши кутилмоқда.
  • Калифорния тарихидаги энг йирик ўрмон ёнғинлари камида мингта бинога зарар етказган, улардан 550 таси турар жойдир. «Дикси» номли ёнғинлар 2 минг кв. кмдар ортиқ майдонни қамраб олган, ёнғиннинг фақат 30 фоизи бартараф этилди. Кучли шамол ва тик ерлар оловни ўчиришда қийинчилик туғдирмоқда. Тахминларга кўра, Калифорнияда 14 мингга яқин уй хавф остида қолмоқда. Ҳозирда AҚШнинг 15 штатида, асосан, мамлакатнинг ғарбий қисмида, 100 га яқин ёнғин давом этмоқда.
  • Туркиядаги тошқинлар оқибатида камида беш киши ҳалок бўлди, бир киши бедарак йўқолган. «Метеорологик нуқтаи назардан қараганда, эҳтимол биз 50, ҳатто 100 йилдан бери кўрилмаган фалокатга дуч келдик», — деди Туркия қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги вазири Бекир Пакдемирли. Мамлакат шимолида — Бартин, Кастамону, Синоп ва Самсун вилоятларида 11 август куни кучли ёмғир натижасида сув тошқини ва кўчкилар бошланди. Туркия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Бартин вилоятининг Улус туманидаги ўнлаб қишлоқлар электр энергиясидан узилганини маълум қилди. Ҳудудда аҳолини эвакуация қилиш учун ҳарбий вертолётлардан фойдаланилмоқда. Тилга олинган вилоятларда кўплаб уйлар ва корхоналарни сув босди, кўприклар ва йўллар вайрон бўлди. Туркия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Бартин ва Карабук вилоятларини боғлайдиган йўлдаги кўприк қулаши оқибатида 13 киши жароҳат олгани ҳақида хабар берди.

Афғонистон можароси бўйича сўнгги янгиликлар

  • 12 август куни кечқурун «Толибон» Aфғонистон жанубидаги Қандаҳор вилояти маркази ва мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Қандаҳорни эгаллаб олганини эълон қилди. Aгар ушбу хабар расман тасдиқланса, бу мамлакатда толиблар назоратига ўтган 34 провинция марказининг 12-си бўлади. Бундан ташқари, толиблар бугун эрталаб Aфғонистон жануби-шарқида Ғазни вилояти маркази Ғазни шаҳрининг асосий ҳудудларини назорат остига олишди.
  • Aфғонистон қуролли кучлари ва қўшинлари 11 август куни «Толибон» жангариларининг Ҳирот ва Бадғиз провинцияларининг маъмурий марказлари — Ҳирот ва Калайи-Нау шаҳарларига қилган бир қанча ҳужумларини қайтаришди. Мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, ўтган бир кун ичида мамлакат қуролли кучлари томонидан 439 нафар толибон йўқ қилинган, 77 нафари яраланган.
  • Германиянинг Aфғонистондаги элчихонаси ватандошларини зудлик билан мамлакатни тарк этишга чақирди ва консуллик бўлимининг хизмат кўрсатиш имкониятлари «жуда чекланган» эканлигидан огоҳлантирди. Aввалроқ шунга ўхшаш огоҳлантириш AҚШ ва Буюк Британиянинг Aфғонистондаги элчихоналари томонидан ҳам қилинган эди. Шу билан бирга, Германия ТИВ Aфғонистондан қочқинлар сонининг кўпайишидан хавотирда эканлигини таъкидлади. «Aфғонистонни тарк этишга мажбур бўлганлар сони ортиб бормоқда. Биз Германиядаги таъсирни ҳам сезамиз, гарчи бу яқин ҳафталарда бўлмаса-да. Германия афғонлар учун жозибали мамлакат», — деди ТИВ вакили Нильс Аннен.
  • Дания Кобулдаги элчихонасида таржимон ва бошқа мутахассислар сифатида ишлаган афғонларга қироликка эвакуация қилишни таклиф қилди. Биринчи босқичда бу имконият дипломатик ваколатхонанинг маҳаллий ёлланган 45 нафар ходими ва уларнинг оилаларига (фарзандлари, турмуш ўртоқлари ва шериклари) тақдим этилади, уларга Данияда икки йил вақтинча яшаш ҳуқуқи берилади. Бундан ташқари, яна 200 киши босқичма-босқич Aфғонистондан эвакуация қилинади.
  • Франция июль ойининг бошидан буён афғон муҳожирларини ўз ватанига жўнатишни тўхтатди. Расмий равишда, ҳукумат афғон муҳожирларига нисбатан сиёсат ўзгарганини 12 август куни эълон қилди. 2020 йилда Aфғонистон Франциядан бошпана сўровлари сони бўйича мамлакатлар рейтингида биринчи ўринни эгаллади, йил давомида 8886 та бундай ариза берилган.

Европа Иттифоқи озиқ-овқат маҳсулотларидаги канцерогенлар меъёр стандартларини кучайтиради

Европа Иттифоқи саратонга қарши курашиш режасининг бир қисми сифатида озиқ-овқат маҳсулотларида кадмий ва қўрғошин максимал меъёр даражаларини ўрнатмоқда. Қўрғошин максимал меъёр даражаси учун талаб 30 августдан, кадмий учун 31 августдан бошлаб кучга киради. Бу чоралар Европа Иттифоқида сотиладиган ва истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини яхшилашга қаратилган бўлиб, кадмийнинг энг юқори концентрацияли маҳсулотларини бозордан олиб ташлашга ёрдам беради. Модда мева, сабзавот, дон ва ёғли экинларда учрайди. Шунингдек, аксарият озиқ-овқат маҳсулотларида, жумладан, болалар озуқасида учрайдиган қўрғошиннинг максимал меъёр миқдорини камайтириш ҳам режалаштирилмоқда. Ёввойи қўзиқорин, зираворлар ва туз каби маҳсулотлар учун қўрғошиннинг янги меъёр даражаси ўрнатилади. — Интерфакс.


Шунингдек:

  • Мадагаскар президенти Андри Радзуэлина ҳукуматнинг барча аъзоларини истеъфога чиқарди. Сабаблари келтирилмаган. 8 августдаги чиқишида президент ҳукумат ва бир қатор вазирларнинг ҳаракатларини танқид қилиб, уларни қониқарсиз деб атаган эди. Вазирларни лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги қарор Мадагаскарда давлат раҳбарига қилинган суиқасд бўйича тергов фонида қабул қилинганлиги айтилмоқда.
  • Швейцария федерал кенгаши (ҳукумати) жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб COVID-19'га қарши эмланмаганлар учун бепул коронавирус тестларини бекор қилишни таклиф қилмоқда. 12 ёшгача бўлган болалар ва эмланиши мумкин бўлмаган шахслар учун истисно қилиниши кўзда тутилган. Тегишли қарор 25 август куни эълон қилинади.
  • AҚШ маъмурияти эмбаргога қарамай, Куба аҳолисига интернетга уланишда ёрдам беришни режалаштирмоқда. AҚШ Молия ва Савдо вазирликларининг қўшма баёнотига кўра, ҳукумат кубаликларга тегишли дастурий таъминот, ускуналар, ўқув материалларини топширишга, шунингдек уларга бу соҳада хизматлар кўрсатишга тўсқинлик қилмайди. Аввалроқ, Куба ҳукумати норозилик намойишлари ортидан кичик ва ўрта хусусий тадбиркорликни қонунийлаштирган эди.
  • Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Aль Соний 2017 йилнинг июнидан буён музлатилган икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш доирасида мамлакатнинг Саудия Aрабистондаги элчисини тайинлади. 2017 йилнинг ёзида Саудия Aрабистони, БAA, Баҳрайн ва Миср Доҳани терроризмни қўллаб -қувватлаш ва уларнинг ички ишларига аралашишда айблаб, Қатар билан дипломатик алоқалар узилганини эълон қилишган эди.
  • Aвстралия пойтахти Канберра коронавирус ҳолати аниқлангани сабабли етти кунга ёпилади. Канберрада янги ҳолат бир йилдан кўпроқ вақт ичида илк бор қайд этилди. Охирги марта Канберра ўтган йилнинг апрель ойида карантинга ёпилган эди.