Адлия вазирлиги бир қатор ҳуқуқбузарликлар бўйича жарималар миқдорини камайтиришни таклиф этди

Янги қонун лойиҳасида Адлия вазирлиги паспорт тизими қоидаларини бузиш, ноқонуний валюта операциялари ва йўловчиларни лицензиясиз ташиш учун жарималарни сезиларли даражада камайтиришни таклиф қилмоқда.

Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзаков коронавирусга қарши эмланди

Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков COVID-19 га қарши Moderna вакцинаси билан эмланди.

Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини кейинги ҳафтадан ишлаб чиқариш бошланади

Ўзбекистонда Jurabek Laboratories компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Спутник V» вакцинаси Россиянинг Гамалея илмий-тадқиқот маркази томонидан маъқулланди. Россиядан кейинги ҳафтада хом-ашё келганидан сўнг, препарат ишлаб чиқарилади ва текширув учун яна марказга юборилади.

Қорақалпоғистонда футбол учрашуви вақтида жанжал содир бўлди

Мўйноқ туманидаги «Орол» стадионида туманнинг «Мўйноқ сити» ва «Жайхун» жамоалари ўртасидаги ўйинда келишмовчилик келиб чиққан ва бош ҳакам қароридан норози бўлган айрим томошабинлар майдонга чиқиб кетган. Ҳолат юзасидан ички ишлар органлари суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Бухорода 3 балли зилзила содир бўлди

Чоршанба куни Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида 3 балли зилзила сезилди.

Миллий гвардия Меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага қайтаришга кўмаклашади

Миллий гвардия президент қарори билан ўзига бириктирилган Меҳрибонлик уйларидаги болаларни ота-оналарига қайтариш, васий тайинлаш ва фарзандликка олишга кўмаклашади. Ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланувчиларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш учун «Меҳр дафтари» тизими жорий қилинади.

«Тошкент вилоятида ишсизлик масаласи бўлмаслиги керак» — президент

Президент Тошкент вилоятидаги шароит ва имкониятлар ҳисобга олинса, аслида ҳудудда ишсизлик масаласи бўлмаслиги кераклигини таъкидлади ва маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди. Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда ишсизлар сони 134 минг нафарни ташкил этмоқда. «Сўнгги йилларда Тошкент бўйича тўплаган тажрибаларимизни Тошкент вилоятида ҳам жорий этишимиз керак», — деди давлат раҳбари.

Хориждаги ўзбекистонликлар учун 49 та давлатда стационар ва кўчма сайлов пунктлари ташкил этилади

Чет элда истиқомат қилаётган ўзбекистонликларнинг президент сайловида қатнашиши учун 49 та давлатда 54 та стационар ва 316 та кўчма сайлов пункти ташкил этилади. Жумладан, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги бош консулхонаси ва БМТдаги ваколатхонасида ягона сайлов участкаси бўлади. Ҳозиргача хориждаги сайловчиларнинг бирламчи рўйхати ҳам шакллантирилди.

18 ёшгача бўлганлар учун ягона болалар нафақаси жорий этилади

Президент фармони билан 1 сентябрдан амалдаги 14 ёшгача болалар учун нафақа ва 2 ёшгача болани парвариш қилиш нафақаси ўрнига ягона болалар нафақаси жорий этилади. Ушбу нафақа ёши 18 ёшгача оширилади, тўлов муддати 12 ойгача узайтирилади. Қолаверса, Минимал истеъмол харажат миқдорларидан камбағаллик мезони сифатида фойдаланилади.

Ҳозирда фақат буюртма асосида олинадиган «ААА» серияли автомобиль рақамлари қолган — ЙҲХББ

«UZB» ёки «ААА» серияли давлат автомобиль рақамлари очиқ савдода эканлиги маълум қилинди. ЙҲХББ матбуот хизматининг таъкидлашича, ҳозирда «ААА» серияли автомобиль рақамлари аукционда қолмаган. Ушбу серияда қолган 30 дан ортиқ рақамларни фақат буюртма асосида олиш мумкинлиги айтилди.

«Ватандошлар» жамоат фонди ташкил этилди

Хорижда ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида президент қарори билан «Ватандошлар» жамоат фонди ташкил этилди. Унинг фаолиятини бошлаш учун 5 млрд сўм ажратилади. Фондни Васийлик кенгаши бошқаради, унга эса Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев раислик қилади.

6-синфдан аъло баҳога ўқиганларга ОТМга киришда қўшимча балл берилиши мумкин (аниқлаштирилди)

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 6-синфдан аъло баҳога ўқиган битирувчиларга ОТМга кириш имтиҳонида қўшимча балл бериш бўйича таклифга изоҳ берди. «Боланинг тақдири нимага фақат бир кун билан ҳал бўлиб кетиши керак?», — деди вазир. У ушбу тизимни жорий қилишда коррупциянинг олдини олиш учун электрон кундалик ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлади.

Хитой-ўзбек вакцинасининг иккинчи ва учинчи дозалари билан эмлаш тикланди

Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг иккинчи ва учинчи дозалари билан эмлаш ишлари қайта йўлга қўйилди.

UzAuto Motors соф фойдаси қарийб 70 фоизга ўсди

Олти ой якунлари бўйича UzAuto Motors ишлаб чиқариш ҳажми 24 фоизга камайганига қарамасдан, соф даромадини қарийб 70 фоизга — 902,6 млрд сўмга (84,6 млн доллар) оширишга муваффақ бўлди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

«Вакцинадан бош тортиб, сиз одамларни тиббий хизмат олиш имкониятидан маҳрум қиляпсиз» — биотехнолог

Эмлашдан бош тортиш касалхоналарни коронавирусли беморларни даволаш учун қайта ихтисослаштиришга олиб келади. Бошқа касалликлар билан оғриган беморлар ҳамон тиббий хизматга муҳтож, лекин уни ололмайдилар. Биотехнолог, биология фанлари доктори Алишер Абдуллаев ўзбекистонликларни вакцина олишга чақирди.