Президент Шавкат Мирзиёев 10 август куни Тошкент вилоятида саноатни ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Унинг сўзларига кўра, ҳудудда саноатни ривожлантириш учун барча имконият ва инфратузилмалар мавжуд, бироқ улардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Президент Тошкент вилоятида ишсизлик масаласи бўлмаслиги кераклиги таъкидлади.

«30 фоиз жойида саноат ривожланган, 45 фоизи ривожланяпти, қандайдир биринчи қадамлар, лекин қолганида саноат йўқ. Умуман, институционал ўзгартириш керакки, Тошкент вилоятининг саноатини ривожлантириш бўйича нималарга эътибор берамиз, қайси-қайси йўналишлар бўйича саноатни жой-жойига қўямиз? Бўш турган бинолар, тўлиқ ҳажмда ишламаётган корхоналар жуда кўп. Ҳозирги шароитни инобатга олсак, Тошкент вилоятида ишсизлик деган нарса бўлиши мумкин эмас», — деди давлат раҳбари.

Йиғилишда тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳудудда ишсизлик даражаси 134 минг кишини ташкил этиб, уларнинг 35,8 минг нафари — мактаблар битирувчиларидир. Бундан ташқари, 140,9 минг киши ишлаш учун хорижга чиққан. Вилоятда жами 2,9 млн киши (833,9 минг оила) истиқомат қилади.

«Охирги йилларда Тошкент шаҳри бўйича тўплаган тажрибаларимизни Тошкент вилоятига ҳам жорий этишимиз керак», — деди президент.

«Тошкент вилояти ёнимизда, лекин йўналиш йўқ. Ҳамма соҳа бўйича Тошкент вилояти орқада қолиб кетди. Маҳаллий саноатни ривожлантирсак бўладими? Бўлади. Жуда катта имкониятимиз бор маҳаллий саноат бўйича. Пахта ҳам, чарм-поябзал, пилла ҳам маҳаллий. Иккинчидан, жуда катта ички туризмни қилса бўлади. Қурилиш, электротехника, озиқ-овқат, нефт-кимё, енгил саноат, фармацевтика бўйича тармоқлардан одамларни олиб, фақат саноатни ривожлантириш учун Тошкент вилоятига ўтказиб қўйиш керак», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев ҳудудда камбағаллик даражасини пасайтириш масаласини ҳал қилиш лозимлигини таъкидлади.

«Кичик саноат зоналари бор. Бўстонлиқда ҳам, Оҳангаронда ҳам, Бўкада ҳам одамлар кутиб ўтиришибди — иш ўрни йўқ. Камбағалликни камайтириш бўйича саволга жавоб топишимиз керак. Бир ой, икки ойни ичида Тошкент вилоятида яққол ўзгариш қилишимиз керак. Менга натижа керак, мана шу менинг сизлардан талабим», — деди у.

Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов йиғилиш танқидий руҳда ўтганини қайд этиб, Тошкент вилоятида имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани, етарли даражада иш олиб борилмаётгани таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Шавкат Мирзиёев ҳудудда саноат ишлаб чиқариш ҳажмини йил охирига қадар 40 фоизга ошириш (ҳозирда — 7,7 трлн сўм) талабини қўйган.

Вилоят маъмурияти раҳбари ҳудуднинг «яшил», «сариқ» ва «қизил» ҳудудларга ажратиб чиқилганини маълум қилди. «Яшил» ҳудудларда мавжуд корхоналарнинг имконият ва қувватларини кенгайтириш, ривожланмаган «қизил» ҳудудларда эса янги корхоналарни очиш режалаштирилмоқда.