9 август куни Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Moderna вакцинасининг биринчи компонентини қабул қилди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Вазирлик қайд этишига кўра, марказий аппарат ходимларининг 61 фоизи, қуйи ташкилотлар ходимларининг 70 фоизи ва ИТСВ ҳудудий бўлинмалари ходимларининг 85 фоизи эмланди.

Аввалроқ, бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев COVID-19 га қарши эмлангани ҳақида хабар берган эдик.

Бундан ташқари, мактабгача таълим вазири Агриппина Шин «Sputnik V» вакцинасини олганлиги, инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов эса хитой-ўзбек вакцинасининг синовида иштирок этгани, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов хитой-ўзбек вакцинаси билан эмлангани ҳақида хабар берилган.

Шунингдек, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов ҳам коронавирусга қарши эмлангани маълум қилинган эди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хитой-ўзбек, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева«Спутник V» ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев хитой-ўзбек вакцинаси билан эмлангани ҳақида хабар берилган.