Аввалроқ, 2022 йилдан эътиборан 6-синфдан аъло баҳога ўқиган ва хулқи яхши бўлган мактаб битирувчиларига ОТМларга имтиҳонларсиз киришга тавсиянома берилиши мумкинлиги ва бу ҳақда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда маълум қилгани ҳақида ёзган эдик.

Мазкур хабар эълон қилингач, вазир «Газета.uz» билан боғланиб, хабарга аниқлик киритди ва тавсиянома берилиши эмас, балки абитуриентларнинг кириш имтиҳонларида йиғган балларига мактабнинг сўнгги 6 йилида олган баҳоларининг ўрта арифметик кўрсаткичини қўшишни назарда тутганини қайд этди.

Ушбу таклиф жорий йилнинг февралида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида акс этган эди.

«Энди унинг механизмини ишлаб чиқиш керак. Ҳозир вазифа қўйилган. Барибир, кўпчилик кириш имтиҳонларидан норози… Имтиҳонни иккига бўлса бўлади, унинг мазмуни ва бошқариш бор. Имтиҳонни бошқариш жараёнларида жуда катта ўзгаришлар бўлди. Катта аудиторияларда ўтказилиши, видеокузатув ва бошқалар. Лекин энди одамлар имтиҳоннинг мазмунини тушунишни бошлашди. Олдин адолатсизлик бўлса, унга ҳеч ким эътибор ҳам бермас эди…» — деди у.

Вазир сўзи давомида ҳозирда 10 мингта мактабда 6,5 млн ўқувчи таълим олаётганини таъкидлаб, қўшимча баллар кимларга берилиши мумкинлигига тўхталди.

«Боланинг тақдири нимага фақат бир кун билан ҳал бўлиб кетиши керак? Келинглар, мактаб битирувчиларининг қанчадир фоизини, масалан, 6-синфдан буёғига яхши ўқиган, хулқи яхши бўлган болаларга (ўрта арифметик кўрсаткични қўшиб — таҳр.) берайлик деган вазифа қўйилди», — деди у.

У шунингдек, танганинг иккинчи томони борлигига ҳам эътибор қаратди.

«Бу вазифанинг иккинчи томони — эртага (қўшимча балл олган битирувчилар ҳажми — таҳр.) жуда катта фоиз бўлиб кетадиган бўлса, мактабда қандай қилиб потенциал коррупциянинг олдини оламиз, деган масала бор. Эртага баҳоларнинг бирдан ошиб кетишининг олдини қандай оламиз? Шунинг учун бу жараёнларнинг ҳаммасини ишлаб чиқамиз. Мана, ҳозир электрон кундалик қилишимизнинг сабаби ҳам электрон архив турсин, деяпмиз. Охирида мана бу болани аълочи қилиб чиқаришимиз керак, деб баҳоларни тузатиб чиқа олмаслиги учун архив бизда турсин», — деди Шерзод Шерматов.

Унинг сўзларига кўра, бу жараён вақт талаб қилади. «Бунинг ижобий ва салбий жиҳатларини ўрганиб чиқишимиз керак. Кейинги йилдан бир қисми ишга тушади. Буни ўрганишлар якунида эълон қиламиз», — деди халқ таълими вазири.

Шу йилнинг февралида муҳокамага қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси шунингдек, ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг сўнгги 6 йилда барча фанлардан олган йиллик баҳоларини киритиб бориш учун электрон платформа яратилиши қайд этилган эди.

Аввалроқ, Вазирлар Маҳкамаси қарори мактабдаги таълим сифатини ошириш ўрнига, «сотиб олинган» баҳолар сонининг кўпайишига олиб келиши мумкин, дея ёзган эди «Газета.uz» колумнисти Комил Жалилов ўзининг таҳлилий мақоласида. Кейинчалик бунга ДТМ ҳам ўз жавобини билдириб ўтганди.