Аввалроқ, президент етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этишга оид қарорни имзолагани ҳақида ёзган эдик.

Мазкур ҳужжат билан етим болаларнинг таълим олишини рағбатлантириш чора-тадбирлари ҳам белгиланмоқда:

  • тарбия муассасаларидаги болаларга нодавлат таълим ташкилоти ўқув курсларида (хорижий тил, олий таълимга тайёргарлик учун 2 тагача фан, касб-ҳунар ва компьютер саводхонлиги) ўқиш харажати учун йилига 4,9 млн сўмдан компенсация (2021 йилда 2 234 нафар болага 11 млрд сўм) тўланади;
  • болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, шунингдек, васийликка (ҳомийликка ёки патронатга) олинган 25 ёшдан ошмаган етим болалар «Меҳрибонлик» уйи ва Болалар шаҳарчаси битирувчилари учун ажратилган қўшимча квотадан фойдаланади;

2019/2020 ўқув йилида 1 405 та квота ажратилган бўлиб, 336 нафар чин етим ҳужжат топширган, уларнинг 81 нафари талабаликка тавсия этилган.

Янги тизим бўйича квотадан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган етимлар сони 563 нафардан 6,2 минг нафаргача (11 бараварга) ошиши кутилмоқда. Уларга шунингдек, Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан 50 фоизга оширилган миқдорда стипендия (амалдаги 470 минг сўмдан 705 минг сўмга ошириб) тўланади.

Техникум, коллеж ёки олий таълим муассасасида ўқиётган етим болаларга ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш учун бир йилда бир марта 1,2 млн сўм миқдорда субсидия берилади.

2021 йилда 523 нафар етим болага китоб харид қилиш учун давлат бюджетидан 641 млн сўм субсидия тўланади.

«Меҳрибонлик» уйлари ва болалар шаҳарчаларига 2 та психолог штати ажратилади (республика бўйича қўшимча штат сони 8 та, харажат миқдори 243 млн сўм).

«Меҳрибонлик» уйларига ёки етим болаларга ажратилган хайрия маблағлари фойда солиғи базасидан чегирилади.

Тадбиркорлар 2019−2020 йилларда 10 млрд сўм хайрия маблағлари ажратган, ушбу харажатларга 1,5 млрд сўм солиқ ҳисобланган.

Фарзандликка ёки васийликка олинган етим болалар давлат боғчалари ва мактабларига навбатсиз жойлаштирилади.

Етим болаларни касбга ўқитиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича қуйидагилар белгиланмоқда:

  • етим болалар Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида касб-ҳунарга ўқитилади.
  • Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига етим болалар мономарказларда ўқишни тамомлагандан сўнг кафолатланган иш жойи билан таъминлаш вазифаси юклатилмоқда;
  • Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган график асосида вазирлик ва идоралар тарбия муассасаларида 1 йилда камида 1 маротаба тақдимотлар ўтказади.

Ногиронлиги бўлган етим болаларни васийликка (ҳомийликка, патронатга) олган оилаларга тўланадиган тўловлар 2,5 млн сўмга етказилади. Соғлом етим болаларни васийликка ва ҳомийликка олганлик учун 1,2 млн сўм миқдорида ҳар ойлик моддий ёрдам тўланади. Йил якунига қадар 500 нафар болага 3,6 млрд сўм тўлаб берилади.

Етим болалар ва уларни ўз қарамоғига олган фуқароларга ҳудудий адлия органлари ҳузуридаги Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан бепул юридик хизмат кўрсатилади.

Етим болаларнинг хорижий давлатларда жарроҳлик амалиёти харажатлари тўлиқ компенсация қилинади. 8 нафар болага компенсация Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касал беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасидан тўланади.

Техникум, коллеж, олий таълим муассасасида ўқиётган етим болалар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ёши 18 ёшдан 23 ёшга оширилмоқда. Шу йили 9746 нафар болага боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўлаш учун бюджетдан 21,5 млрд сўм миқдорида қўшимча маблағ ажратилади.