12−13 август кунлари Тошкент шаҳрида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича жаҳон конференцияси бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази матбуот хизмати. Ушбу халқаро анжуман президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқида илгари сурилган.

Жаҳон анжумани гибрид шаклда, яъни офлайн ва онлайн тарзда ўтказилади. Нуфузли форумнинг очилишида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет, БМТ Бош котибининг Ёшлар ишлари бўйича элчиси Жаятма Викраманаяке, Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг, ЕХҲТ Бош котиби Хельга Мария Шмидт ва бошқа халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари сўзга чиқиши кутилмоқда.

Ёшлар ҳуқуқлари бўйича жаҳон конференцияси «Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш» мавзуига бағишланади. Унда иштирок этиш учун 30 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлардан 500 дан зиёд вакил истак билдирди.

Анжуман доирасида СOVID-19 пандемияси ёшларнинг заиф гуруҳларига таъсир ўтказаётган ҳозирги шароитда навқирон авлоднинг ўз мамлакатлари ривожланишидаги иштироки, ёшларнинг сифатли таълим олиш ва ишлаб чиқаришда банд бўлишга тааллуқли имкониятларини рағбатлантириш чора-тадбирлари, ёшларнинг ўз ҳаёт тарзига таъсир ўтказадиган қарорларни қабул қилишда қатнашиши каби масалалар атрофлича кўриб чиқилади.

Иштирокчилар ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш учун мавжуд халқаро механизмларни такомиллаштириш истиқболларини муҳокама қиладилар. Бунда барча навқирон инсонлар ўз ҳуқуқларидан тўла-тўкис, ҳеч қандай камситишларсиз фойдаланишларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади, дейилади хабарда.