«Жиззахликлар» Telegram-каналида «Дайди итларга ким чора кўради?» сарлавҳаси остида мурожаат эълон қилинган. Унда Жиззах шаҳридаги Олмазор МФЙда дайди итлар кўпайиб кетгани, ўнталаб итлар дайдиб юргани айтилган.

«Кечаси умуман тинчлик йўқ, кечқурун кўчадан ўтган одамни талаш холатлари ҳам кузатилди, маҳалла раиси ва ўринбосарларига ҳамда Ободонлаштиришга қайта қайта мурожаат қилинди, аммо муаммони хал қилиш ўрнига ҳамма жойга маргумиш ташлаб чиқинглар деган жавоб берилди», дейилади мурожаатда.

Ecologuz Telegram-каналида қайд этилишича, ушбу ҳолатдан кейин 8-август куни тонги 05:00 да дайди итлар Ободонлаштириш бошқармаси «ит овлов бригадаси» томонидан мазкур ҳудуддаги 7 та уйсиз, оч, меҳрга зор итлар ваҳшийларча отиб ўлдирилган.

«Улар [Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари] итларни урмасдан, қийнамасдан тутиб, уларни 5 кун сақлашлари ва ветеринария кўригидан ўтказишлари лозим», — дейилади хабарда.

«Жиззахликлар» Telegram-каналида қолдирилган мурожаатда шаҳардаги бошқа манзилларда (Город, Оққўрғонлик, Ҳамид Олимжон ва бошқалар) ҳам дайди итларга чора кўриш сўралган.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш, БҲМнинг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.