Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев АОКАда бўлиб ўтган брифингда 2021 йилнинг дастлабки 6 ойида ҳар 100 минг аҳоли сонига 132 та жиноят тўғри келганлигини маълум қилди.

Қайд этилишича, дастлабки январь-июнь ойларида 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан қарийб икки баравар кўп (8592 — 15 321) жиноятлар аниқланган.

Хусусан, 6 ой якунига кўра, республикадаги 9251 та маҳалладан 4559 тасида (49,3%) бирорта ҳам жиноят содир этилмаган.

Жами қайд этилган 45 минг 630 та жиноятнинг 15 881 таси ёки 34,8 фоизи аввалги йилларда содир этилиб, жорий йилда ҳисобга қўйилган.

Шунингдек, 15 434 та жиноят (жами 45 минг 630 тадан 33,8%) ИИБ ходимларининг ташаббуси билан аниқланган. Шундай жиноятлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 71,4 фоизга (9 004 тадан 15 434 тага) яхшиланган.

ИИБ ходимлари томонидан:

  • 548 та коррупциявий, 99 та одам савдоси ва 322 та кибержиноятлар фош этилди, 368 кг наркотик воситалари, 55 дона ўқотар қурол ва 212 дона ўқ-дориларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган;
  • аввалги йиллардан очилмасдан қолган 3 833 та жиноят фош этилди, қидирувдаги 1 888 нафар шахс ушланди, бедарак йўқолган 263 нафар шахс топилган.

«Газета.uz» аввалроқ 2021 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда 45 мингдан ортиқ жиноятлар содир этилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 111,9 фоизга ошганлиги ҳақида хабар берган эди.