Бугун, 9 август куни «Global Jewish Assistance and Relief Network» (АҚШ) жамғармаси томонидан беғараз ёрдам сифатида тақдим этилган тиббий ниқобларининг биринчи қисми Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси ва Исроилдаги элчихонаси ҳамкорлигида Тошкентга етказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Умумий қиймати 330 минг доллардан зиёд бўлган қарийб 270 минг дона тиббий ниқобларнинг 134 минг 400 донаси бугун Ўзбекистонга олиб келинди.

Шу кунга қадар пандемияга қарши кураш доирасида жамғарма Россия, Украина, Беларусь ва Молдовага 200 миллион АҚШ долларидан зиёд миқдордаги гуманитар кўмак юборган.

«Ўзбекистон мен жуда қадрдон мамлакат. Ота ва онам Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонга эвакуация қилинган. Улар Тошкент шаҳрида танишган ва турмуш қурган. Қийин паллада ота-онамга бошпана берган Ўзбекистон ва унинг меҳмондўст, бағрикенг халқига бутун оиламиз номидан миннатдорлик билдираман. Ўзбек халқининг чин инсоний туйғулари натижасида уруш йилларида яшашдан бутун умидини узган минглаб инсонлар, жумладан, ота-онамга омон қолиш насиб этган. Мен ушбу хайрия кўмагини ўзбек халқи олдидаги ўз бурчим, деб биламан ва бу ишга қўл урганим менга катта мамнуният бағишлайди. Жамғармамиз томонидан Ўзбекистон халқига гуманитар ёрдам юбориш амалиётини бундан кейин давом эттиришни режалаштирмоқдамиз», — деди «Global Jewish Assistance and Relief Network» жамғармаси асосчиси ва директори Элиезер Автзон.

Мазкур инсонпарварлик юкини Ўзбекистонга юбориш харажатлари Пенсильвания штати Филадельфия шаҳрида тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонлик Фурқат Ражабов ҳисобидан қопланди, дейилади хабарда.

Аввалроқ, Ўзбекистонга COVAX механизми доирасида АҚШдан 3 миллион доза Moderna вакцинаси олиб келинган эди.