Кеча Тошкент ИИББ Qalampir.uz интернет-нашри журналисти Феруза Нажмиддинованинг шаъни ва қадр-қимматини топташ мақсадида монтаж қилинган видеороликнинг интернетда эълон қилиниши ортидан терговга қадар текширув бошлагани ҳақида хабар берилган эди.

Бугун ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳолат юзасидан ахборот берди.

Суриштирув жараёнида маълум бўлишича, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирида, балконда тасвирланган одамлар икки фарзандли, расмий никоҳдаги оила, эр-хотин, чет эл фуқаролари бўлган. Улар Тошкент шаҳрида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, мазкур хонадондан расмий ижарада фойдаланишган.

Ушбу шахслар томонидан ҳеч қандай қонун бузилиш ҳолатлари аниқланмаган. Ушбу оиланинг шахсий ҳаёти тасвирланган видеолавҳани ижтимоий тармоқларда тарқалишига сабабчи бўлган фуқаронинг ҳаракатлари ҳуқуқий баҳоланади.

Видеолавҳани ясаб, ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали журналистнинг обрўсини тўкишга ҳаракат қилган фуқароларни аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар давом этмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми, «г» банди (Туҳмат ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса) ҳамда 141-прим 2-моддаси 2-қисми, «в» банди (Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ғаразли ёки бошқача паст ниятларда содир этилган бўлса) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Иш якуни бўйича жамоатчиликка тўлиқ ахборот берилиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Сенат раҳбари, омбудсман, Саида Мирзиёева, Комил Алламжонов, давлат органлари, депутатлар ва жамоатчилик Qalampir.uz журналисти Феруза Нажмиддиновани қўллаб-қувватлаб чиққан эди.