Тошкент ИИББ Qalampir.uz интернет-нашри журналисти Феруза Нажмиддинованинг шаъни ва қадр-қимматини топташ мақсадида монтаж қилинган видеороликнинг интернетда эълон қилиниши ортидан терговга қадар текширув бошлади. Бошқарма матбуот хизматининг шанба куни хабар қилишича, журналист унга тухмат қилган шахсларга нисбатан чора кўришни сўраб ариза билан мурожаат қилган.

Сайт баёнотида айтилишича, видеоролик тарқатилишидан бир кун аввал, 6 август куни Феруза Нажмиддинова Tashkent City ҳудудидаги ресторанлар коронавирусга қарши курашиш Республика махсус комиссияси томонидан тақиқланганига қарамасдан, соат 20:00 дан кейин ҳам фаолият юритаётгани ҳақидаги танқидий-таҳлилий репортажни тайёрлаган. Бу, таҳририят фикрича, «айримларнинг „думини босди“ ва бу унга нисбатан нафратни янада оширди».

«Бугун биз исталган одамни «шес секунд»да шарманда қилиш, унинг устидан исталган вақтда мағзава ағдариб, томоша қилиб туриш, обрўсизлантириш ва шу йўсинда алам олиш осон бўлган даврда яшаяпмиз», — дейилади Феруза Нажмиддинова бош муҳаррир ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатаётган таҳририят баёнотида.

Таниқли блогер ва журналистлар, депутатлар, Сенат раиси Танзила Нарбаева, омбудсман Феруза Эшматова, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов, унинг ўринбосари Саида Мирзиёева ҳамда бошқалар содир бўлган воқеани қоралаб, шунингдек, журналистни ҳимоя қилиб чиқди.

Ўзбекистон ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов вазият вазирлик назорати остида эканини маълум қилиб, ёлғон ахборот, туҳмат, порнографик маълумотларни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланганини эслатиб ўтди. «Биз журналистларни холислик, очиқлик, шаффофлик доирасидаги фаолиятини қадрлаймиз ва уларни ҳимоясига доимо тайёрмиз», — дея таъкидлади у.

Муносабатлар

«Феруза, биз сиз биланмиз! Биз сиз тарафдамиз!» — деб ёзди Танзила Нарбаева. У вазиятни «нафақат журналистнинг касбий ҳуқуқлари, балки асосий инсон ҳуқуқлари бузилишининг энг шафқатсиз ҳолатларидан бири» деб баҳолади.

«Бу ҳолатнинг адолатли ўрганилиши Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари томонидан назоратга олинди. Биз интернет тармоғидаги уюшган тазйиқ ҳолатларининг давом этишига йўл қўймаймиз», — дея таъкидлади у.

«Инсон ҳуқуқларини таҳминлаш ва мурожаатлар билан ишлашда халқ дардини танқидий ва таҳлилий руҳда олиб чиқаётган журъатли журналистни қўпол қилиб айтганда овозини ўчиришга қаратилган ушбу хатти ҳаракат қонун нормаларига мутлақо зид», — дейилади омбудсман Феруза Эшматова баёнотида.

У бундай вазиятда кўпчилик журналистларнинг бирлашиши натижасида танқидий таҳлилий материаллар янада кўпайишига ишонч билдирди. «Журъатли ва қўрқмас қалам аҳли бу каби зарбалардан янада тобланади», — деди у.

Комил Алламжонов журналистларга босим ўтказишнинг энг жирканч усулларидан бири интернет тармоғида уюштирилган тазйиқ бўлиб қолаётганини таъкидлади. «Одатда бундай усулдан ножоиз ёки ноқонуний ишлари журналистик суриштирувга тушганлар фойдаланади», — деб ёзди у.

«Бунинг йўли оддий: ёлғон қанчалик даҳшатли бўлса, унга ишониш шунчалик осон. Тармоққа қинғир фейк жойланиб, ёлғоннинг тўлақонли тарғиботи бошланади. Мақсад — журналистларни қўрқитиб, уларни хизмат вазифаларини бажаришдан бош тортишга мажбур қилиш», — дея таъкидлади президентнинг собиқ матбуот котиби, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг собиқ раҳбари.

«Ҳамкасблар, агар сизнинг овозингизни ўчиришга, номингизни чаплашга ёки туҳматга қолдиришга уринишаётган бўлса, демак, Сиз тўғри йўлдасиз, кимгадир қаттиқ тегиб кетган ҳақиқатни ёзяпсиз. Масс-медиа фонди бундай ҳолатларга жим қараб турмайди — биз ҳар бир профессионалнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қиламиз», — деди у.

Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, президентнинг қизи Саида Мирзиёева ушбу ҳолат юзасидан видеомурожаат қилиб, аёл журналистлар ва блогерлардан асло шаштини сўндирмаслигини сўради. «Шантаж, бўхтонлар сизни синдириб қўймасин! Мен сиз биланман!» — деди у.