8 август, Токиодаги ёзги Олимпиада-2020 охирги кунида боксчи Баҳодир Жалолов (+91) мусобақаларда иштирок этади. Олтин медал учун жангда у америкалик супер оғир вазнли боксчи Ричард Торресга қарши рингга кўтарилади. Жанг Тошкент вақти билан 11:15 да бўлиб ўтади.Боксчилар шу вақтга қадар 2019 йилги жаҳон чемпионати чорак финали доирасида учрашганлар. Ўшанда Торрес рингдан замбилда олиб чиқиб кетилган — америкалик биринчи раундда нокаутга учраган.

Айни вақтда Ричард Торрес Панамерика ўйинлари (2019) бронза медали, ёшлар ўртаси жаҳон чемпионати (2019) бронза медали совриндори, «Олтин қўлқоп» миллий мусобақаси ғолиби, кўп карра АҚШ чемпиони, ҳаваскорлар ўртасидаги халқаро ва миллий турнирлар ғолиб ва совриндорларидан ҳисобланади. Бўйи — 188 см.

Финалгача бўлган йўлда америкалик жазоирлик Шуаиб Булудинат, кубалик Дайньер Пероа ва қозоғистонлик Камшибек Кункабаевни мағлубиятга учратди.

Баҳодир Жалолов, ўз навбатида, Олимпия ўйинлари (2016) чорак финалчиси, жаҳон чемпиони (2019), жаҳон чемпионати (2015) бронза медали совриндори, уч карра Осиё чемпиони (2017, 2019, 2021) саналади. Профессионал боксда 8 учрашувнинг барчасида ғалаба қозонди. Бўйи 201 см, қўлларининг узунлиги эса 202 см.

Финалгача бўлган йўлда ўзбек боксчиси озарбайжонлик Магомед Абдуллаев, ҳиндистонлик Сатиш Кумар ва британиялик Фрейзер Кларкни мағлуб этди.