Президент Шавкат Мирзиёевнинг 5 августдаги қарори билан Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастури ҳамда уни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021−2025 йилларда республика бўйича 67 та болалар-ўсмирлар спорт мактабида от спорти турлари, шу жумладан замонавий бешкураш бўйича 52 та, поло бўйича 15 та бўлим ташкил этилади. Ҳар бир олимпия захиралари коллежида от спорти ва замонавий бешкураш бўлимлари очилади.

Бундан ташқари, наслли ва зотдор отларни кўпайтириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 170 та йилқичилик хўжаликлари ташкил этилади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб от спорти бўйича меҳнатни рағбатлантиришда уста-чавандоз, от парваришловчи, тақачи, отхона бошлиғи (бригадир) — тренерга, ветеринар-шифокор — шифокорга, зоотехник ва фельдшер-ветеринар — ҳамширага тенглаштирилади.

2022/2023 ўқув йилидан:

  • Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳамда унинг Нукус ва Тошкент филиалларида йилқичиликка ихтисослашган ветеринария шифокорлари ва зоотехникларини тайёрлаш бўйича бакалавриат таълим йўналиши очилади;
  • Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг Нукус ва Фарғона филиалларида от спорти бўйича бакалавриат таълим йўналишининг махсус сиртқи таълим шакли очилади.
  • Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ҳузуридаги наслли, спорт ва тозақонли отларни етиштириш ва кўпайтириш бўйича инновацион селекция-генетика маркази таркибида Иппология илмий-тадқиқот институти ташкил қилинади. ИТИ отларнинг анатомияси, физиологияси, кўпайтириш биологияси, зотларни ўзгартириш ва бошқа масалаларни илмий томондан ўрганади.

2022 йил 1 сентябргача Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳудудида 30 ўринли замонавий отхона биноси ва очиқ спорт манежи барпо этилади.

Тегишли бўлимлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 2024 йил 1 июлга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган инвентарлар, спорт кийимлари, спорт отлари, наслли маҳсулотлар (материаллар), озуқа ва озуқа қўшимчалари, витаминлар, ветеринария дори воситалари, ускуналар ва материаллар, отларни ташишга мўлжалланган янги ва ишлаб чиқарилганлигига етти йил тўлмаган махсус автотранспорт (коневоз) воситаларива тиркамалар, лазерли тўппонча ва нишонлар, поло таёғи божхона божидан озод қилинди.

Президент 5 август куни Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни ҳам имзолади. Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида от спорти турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари (Чавандозлар мактаблари) ва уларнинг туман (шаҳар) секциялари ташкил қилинди. Чавандозлар мактабининг туман (шаҳар) секциялари давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этилади.

Чавандозлар мактаблари Миллий гвардия тизимига киради ҳамда мактабдан ташқари спорт-таълим муассасаси ҳисобланади. Мазкур мактаблар от спорти (учкураш, тўсиқлардан сакраш ва от йўрттириш), замонавий бешкураш, поло ҳамда улоқ-кўпкарига ихтисослаштирилади. Улар ўз фаолиятини 2022 йил 1 мартдан бошлайди, шунингдек, разрядли ва унвонли спортчилар тайёрлаш тизими жорий этилади.

2022 йил 1 мартдан Чавандозлар мактаблари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинг тизими жорий қилинади ҳамда унинг натижаларига қараб ходимлар ҳар йили БҲМнинг 10 бараваригача (2 млн 450 минг сўмгача) миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Чавандозлар мактабларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган, ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Иппотерапия марказлари ташкил қилинади.

Давлат раҳбарининг 5 августдаги бошқа бир қарори билан Сурхондарё вилоятида қорабайир зотли отларни етиштириш ва оммалаштириш ҳамда от спорти турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланди.

Ҳужжат билан Миллий гвардия ҳузурида Қорабайир отлари маҳорат мактаби ташкил этилмоқда. Сурхондарё вилояти, Термиз тумани, Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги 64,6 га ер майдони бино ва иншоотлари билан бирга Миллий гвардиянинг балансига ўтказилади ва унда Қорабайир отлари маҳорат мактаби жойлаштирилади. Мактаб фаолиятини 2021 йил 1 октябрдан бошлаб тўлиқ йўлга қўяди.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги икки ой муддатда Қорабайир отлари маҳорат мактаби отларига озуқа базасини яратиш мақсадида 100 га суғориладиган ер майдонини ажратиши лозим.

Қуйидагилар Қорабайир отлари маҳорат мактабининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

  • ёш авлод чавандозларини тарбиялашга йўналтирилган миллий от спорти мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказишда Қорабайир зотли отлардан фойдаланишни оммалаштириш ҳамда миллий от спортининг халқаро довруғини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • йилқичиликда наслчилик ишларини такомиллаштириш йўли билан Қорабайир зотли отлар бош сонини кўпайтириш;
  • Қорабайир зотли отларни сақлаш ва сифатли ветеринария хизмати кўрсатиш ишларини яхшилашга кўмаклашиш, шунингдек, жаҳон бозорида от зотлари орасида Қорабайир от зотининг рақобатбардошлигини таъминлаш;
  • аҳолининг кенг қатламини, айниқса ёшларни, Қорабайир отлари маҳорат мактабидаги секция ва клубларга жалб этиш.

2022 йил 1 январга қадар Сурхондарё вилоятининг барча туманларида Қорабайир отлари маҳорат мактабининг секция ва клублари ташкил этилади.