Ўзбекистон Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқотини минтақадаги аёллар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган янги, юқори сифатли маслаҳатлар платформаси сифатида шакллантиришга барча саъй-ҳаракатларни сафарбар қилади. Бу ҳақда жума куни Туркманбошида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви билан параллель равишда ўтказилган Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотининг Форумида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева маълум қилди.

Йиғилишда сўзга чиққан Танзила Нарбаева ўзининг кириш нутқида, аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш сари Мулоқотнинг трансформацион ўзгаришларни амалга ошириш қобилиятига оптимистик муносабатда эканини таъкидлади. У давлат бошқаруви, превентив дипломатия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, тадбиркорлик ва бизнес, маданият, таълим, илм-фан, санъат ва гендер тенглигини таъминлаш соҳаларида Марказий Осиё давлатлари аёллари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ишонч билдирди.

Тадбир давомида «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» кун тартиби, 2030 йилгача барқарор ривожланиш кун тартиби, Глобал мақсадларга эришиш учун ҳаракатлар ўн йиллигига Мулоқотнинг содиқлигини тасдиқлайдиган Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари Форуми Декларацияси қабул қилинди. Шунингдек, ушбу ҳужжатда Марказий Осиёда аёлларнинг илмий, техник, ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини тўлиқ амалга оширишнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш, аёл ва қизларнинг тадбиркорлик соҳасидаги имкониятларини кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш тарафдори бўлган Мулоқотнинг нуқтаи назари қайд этилган.

Форум якунида Мулоқот иштирокчилари ҳамкорликни янада кенгайтириш, ушбу минтақавий платформанинг самарали ишлашини таъминлаш учун ижобий тажриба алмашиш ва Марказий Осиё мамлакатлари манфаати учун минтақавий шерикликни чуқурлаштиришга муҳим ҳисса қўшиш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.

Форумда нутқ сўзлаган БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича Махсус вакили Наталя Герман аёлларнинг тўлиқ иқтисодий иштирокисиз гендер тенглигига эришиш имконсизлигини таъкидлади. «Шунинг учун ҳам Мулоқотимизнинг бу йўналишдаги фаолияти жуда муҳим. Аёлларнинг иқтисодий салоҳияти ва иқтисодий ҳамкорлигининг ривожланиши шубҳасиз минтақанинг ривожланиши, янги имкониятлар очилиши, барқарор тинчлик ва хавфсизликка ҳисса қўшишига ёрдам беради», — деди Н. Герман

Мулоқот 2020 йил декабрида ташкил этилган. Биринчи йилда унга Ўзбекистон раислик қилмоқда. Форум иштирокчилари илк бор юзма-юз учрашдилар. Тадбирда Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотининг вакиллари — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева, Туркманистон Миллий Генгеш Межлиси Раиси Гулшат Маммедова, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси Халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси Раиси Айгул Куспан, Қирғизистон Республикаси Жўғорку Кенеши Торағаси ўринбосари Аида Касималиева, Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Хотин -қизлар ва оила масалалари қўмитаси Раиси Ҳилолби Қурбонзода, ҳамда БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича Махсус вакили Наталя Герман, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ бўйича Минтақавий бюроси раҳбари Миряна Сполярич Эггер иштирок этдилар.