Июнь ойида умумтаълим фанларидан миллий сертификат учун ўтказилган тест синовларининг саволлари олдиндан тарқаб кетганлиги маълум бўлган эди.

11 июнь куни Telegram`даги «TentakMinds» канали Бухоро вилоятида кимё ва биология фанлари бўйича миллий тест тизими топшириқлари (саволлари) тарқалиб кетгани ва Давлат тест маркази (ДТМ) томонидан текширув олиб борилаётгани ҳақида хабар тарқатган эди.

«Газета.uz» ушбу ҳолат бўйича суриштирув олиб борганда, таҳририят манбаси Наманган вилоятида кимё ва биология фанлари билан бир қаторда, она тили ва адабиёт фанидан ҳам тест топшириқлари сотилганлигини, тест топшириқлари «ДТМга алоқадор шахс» ёрдамида олиб чиқилганлигини айтган эди.

Ўшанда Миллий сертификат учун тест топшириқлари тузишга жалб қилинган экспертлардан бири «Тўрақўрғондаги (Намангандаги туман — таҳр.) тайёрлов курсида тайёрланганлар тестларда қандай натижа кўрсатган? Наманган вилоятининг бошқа туманларида натижа қандай, Тўрақўрғон билан статистикаси бир хилми? Бошқа вилоятларнинг натижалари қандай?» сингари саволларни ўртага ташлаган эди ва ДТМ баёнотида бундай маълумотлар эълон қилиниши кераклигини таъкидлаган эди.

5 август куни Давлат тест маркази биология фанидан тест синовларида тестология мезонлари бузилганлигини маълум қилди.

10 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида биология (2 473 нафар) фанидан миллий сертификат учун тест синовлари бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, мазкур тест синови натижалари Давлат тест маркази томонидан ҳисобланиб, таҳлил қилинганда биология фанидан тест топширувчилар балларининг частота тақсимотида нормал тақсимотдан катта оғишлар мавжуд эканлиги аниқланган. Яъни биология фани бўйича тест натижалари таҳлили тестология мезонлари бузилганлигини, аниқроқ қилиб айтганда натижалар айрим ҳудудларда жуда юқори эканлигини кўрсатган.

«Биология фани бўйича тест натижалари таҳлилига кўра тестология мезонлари бузилганлиги, талабгорларнинг биология фанидан мактабда олган ўртача баҳолари билан тест синовидаги натижалари ўртасида тафовутлар юқори эканлиги ҳамда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кўплаб эътирозларга сабаб бўлганлиги учун халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда 10 июнь куни биология фанидан миллий сертификат учун ўтказилган тест синови натижалари эълон қилинмаслигини маълум қиламиз», — дейилади баёнотда.

ДТМ таъкидлашига кўра, 10 июнь куни биология фани бўйича тест синовида иштирок этган барча талабгорларнинг тўлови тўлиқ қайтарилади.

Тест топширганлар барча абитуриентлар каби ОТМларга кириш тест синовларида мутахассислик фанларининг ҳар биридан 20 та тест топшириғи (миллий сертификат имтиҳонидаги 50 та тест топшириғи ўрнига) ва 1 соатдан вақт берилиши белгиланди, дейилади хабарда.