5 августдан Ўзбекистон бўйлаб олий таълим муассасаларига кириш учун тест имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда. ДТМ томонидан ушбу имтиҳонларни ўтказиш қоидасини бузганлар аниқланмоқда. 6 август куни ҳам ижтимоий тармоқларда имтиҳонлардаги тест саволлари ташқарига чиқишни бошлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Давлат тест маркази изоҳ берди.

ДТМнинг таъкидлашича, математика фанидан тест топшириқлари акс этган 1185323 рақамли тест топшириқлари китоби 2021−2022-ўқув йили учун олий таълим муассасалариниг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларига тегишли эмас. Қайд этилишича, ушбу тест китоби диагностик тест синовларига тааллуқли бўлиб, 17 май куни Қарши шаҳридаги академик лицейлардан бирининг ўқувчилари учун буюртма қилинган. Диагностик тест натижасига кўра талабгор 90,5 балл (280,5 баллдан) тўплаган.

Фото: Давлат тест маркази

Бошқа ҳолатда, кимё фанидан тест топшириқлари акс этган 1155745 рақамли тест топшириқлари китоби 5 август куни Тошкент шаҳрида ўтказилган тест синовларига тааллуқли эканлиги аниқланган. Мазкур абитуриент тест синови вақтида телефондан фойдалангани видеокузатув орқали аниқланиб, «Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги» низомнинг 52-бандига мувофиқ тест синовидан четлаштирилган.

Фото: Давлат тест маркази

Яна бир ҳолатда мажбурий фанлар блокининг Ўзбекистон тарихи ва математика фанларидан тест топшириқлари акс этган 1186266 рақамли тест топшириқлари китоби 5 август куни Қашқадарё вилоятида ўтказилган тест синовларига тааллуқли бўлиб, мазкур абитуриент тест топшириқлари китоби варағини йиртиб, ташқарига олиб чиққани учун «Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги» низомнинг 52-бандига мувофиқ тест синовидан четлаштирилган.

Фото: Давлат тест маркази

Биология ва кимё фанларидан тест топшириқлари акс этган 1235875 рақамли тест топшириқлари китоби 6 август куни Қашқадарё вилоятида ўтказилган тест синовларига тааллуқли бўлиб, мазкур абитуриент тест синови вақтида телефондан фойдаланаётгани аниқланиб, далолатнома асосида тест синовларидан четлаштирилган.

Фото: Давлат тест маркази

Эслатиб ўтамиз, 5 август куни ҳам Давлат тест маркази ижтимоий тармоқларда имтиҳонлардаги тест саволлари ташқарига чиқишни бошлагани ҳақидаги хабарларга изоҳ берган эди.