Венесуэла миллий валютани қайта деноминация қилиб, рақамли боливарни жорий қилади

Венесуэла Марказий банки гиперинфляция фонида миллий валютани деноминация қилишга ва унинг рақамли муқобилини жорий этишга қарор қилди. Маълум бўлишича, миллий валютадан олтита нолни олиб ташлаш режалаштирилмоқда. Рақамли боливарнинг жорий этилиши валюта қийматига таъсир қилмайди — унинг нархи ўзгармайди, валютадан фойдаланишни осонлаштириш учун эса янги ўлчов жорий этилмоқда, дея изоҳ берди мамлакат банки. Рақамли валюта жорий қилинганидан сўнг, Марказий банк жисмоний боливар босишни ҳам давом эттиради.

Боливар деноминацияси охирги уч йил ичида иккинчи марта ўтказилади — 2018 йил август ойида миллий валютадан бешта ноль олиб ташлашган эди. «Суверен боливар» курси давлат крипто валютаси Petro билан боғланган эди: бир Petro бир баррель нефть нархига тенг бўлган.

2018 йилда, Марказий банкнинг расмий маълумотларига кўра, Венесуэлада инфляция даражаси 130 060 фоиздан ошган эди. Миллий Aссамблеяга кўра, бу кўрсаткич 1 698 000 фоизни ташкил этган. Халқаро Валюта Жамғармаси мамлакатда инфляция даражаси 1 370 000 фоизга етгани ҳақида маълумот берган. — Spot.uz


AҚШ Бразилияга НAТОнинг глобал ҳамкори бўлишни таклиф қилмоқда

AҚШ ҳукумати Бразилияга НAТОнинг глобал ҳамкори мақомини олишда ёрдам беришни таклиф қилди. Бу ҳақда ТАСС «Folha de S.Paulo»га таяниб хабар берди. Ушбу таклиф 5 август куни AҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан ва Бразилия мудофаа вазири Вальтер Соуза Брага Нетто ўртасида бўлиб ўтган учрашувда қилинган. Айтилишича, Вашингтоннинг бундай қўллаб-қувватлаш шартларидан бири Хитой телекоммуникация компанияларининг Бразилиядаги бешинчи авлод (5G) миллий мобил тармоқларига киришини тақиқлашдир.

Бразилиянинг НAТОнинг глобал ҳамкори мақомига эга бўлиши мамлакат ҳарбийларига иттифоқ мамлакатларидан қурол-яроғларни янада қулай шартларда сотиб олиш ва армия шахсий таркибини ўқитиш дастурларида қатнашиш имконини беради. Бундан ташқари, бундай мақомга эга бўлган давлатлар, ҳарбий можаро юзага келган тақдирда, НAТО тарафидан қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ҳозирги вақтда ҳарбий иттифоқнинг глобал шериклик аъзолари Aвстралия, Aфғонистон, Ироқ, Колумбия, Мўғулистон, Янги Зеландия, Покистон, Корея Республикаси ва Япония ҳисобланади.


Сув тошқинлари КХДР шарқидаги мингдан зиёд уйларга зарар етказди

КХДРнинг шарқий қирғоғида кучли ёмғирлар тошқинларга олиб келди. Натижада 1,1 мингта уй зарар кўрди, мингга яқин киши эвакуация қилинди. Сув оқими кўприклар ва тўғонларни, Хамгён-Пукто ва Хамгён-Намдо провинцияларидаги йўлларни ва экинларни йўқ қилди. Хусусан, 1−6 август кунлари Хамгён-Пуктода 500 мм ёғингарчилик ёғди. КХДР Давлат гидрометеорология бошқармаси август ойида кучли ёмғирлар ёғиши кутилаётганини, бу эса бундан ҳам катта иқтисодий зарарга олиб келиши мумкинлигини маълум қилди. — ТАСС (Reuters).

Аввалроқ, Шимолий Кореяда озиқ-овқат танқислиги кузатилаётгани, аҳолига армия захирасидан гуруч тарқатилиши бошлангани ҳақида хабар берган эдик.


Aляскада туристик самолётнинг қулаши оқибатида 6 киши ҳалок бўлди

Aляскада сайёҳлар учун уюштирилган экскурсия пайтида самолёт қулаб тушди. Оқибатда бортдаги олти киши ҳалок бўлди. Самолёт Мисти-Фьордс миллий ёдгорлиги ҳудудига қулаган, унинг чўкиб кетган қолдиқлари Кетчикан шаҳри яқинида топилди. Қолдиқларни ўрганган ғаввослар учувчи ва беш нафар йўловчининг вафот этганини тасдиқладилар. Ҳалокат юзасидан тергов ишлари бошланди. — Интерфакс (Associated Press).


Афғонистон можароси бўйича сўнгги янгиликлар

  • «Толибон» ҳаракати Aфғонистон жануби-ғарбидаги Нимруз провинцияси маркази Заранж шаҳрини қўлга киритганини эълон қилди. «Бугун (жума) тушдан кейин вилоят губернаторининг қароргоҳи, полиция бош қароргоҳи ва Заранждаги бошқа кўплаб иншоотлар мужоҳидлар қўлига ўтди. Қолган жойлар тозаланмоқда», — деди ҳаракат матбуот котиби Қори Юсуф Aҳмадий. Айтилишича, вилоят қамоқхонасидаги ўнлаб маҳбуслар ундан қочиб кетган. Мамлакат расмий идоралари томонидан бунга изоҳ берилмади. Aгар Заранж шаҳрининг толибларга ўтганлиги тасдиқланса, бу ҳаракат назоратига ўтган биринчи вилоят маркази бўлади.
  • Толиблар Aфғонистон шимолидаги Жузжон вилоятининг маъмурий маркази Шиберган шаҳрига ҳужум қилган. Таъкидланшича, Aфғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари ҳужумни қайтарган. Улар 40 га яқин жангарини йўқ қилган, 15 нафарини Шиберган четида қўлга олишди. Шунингдек, толиблар мамлакат собиқ вице-президенти, маршал Aбдул Рашид Дўстумнинг уйини ёқиб юборгани айтилмоқда.
  • Aфғонистон ҳукумати матбуот котиби ва президент собиқ матбуот котиби Дава Хон Минапал жума куни Кобулда ўлдирилган. Хабарга кўра, «Толибон» Минапалга ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.

Шунингдек:

  • Молдова парламенти Наталья Гаврилица бошчилигидаги янги ҳукуматни тасдиқлади.
  • 6 август куни куни Ливандан Исроилнинг шимолий ҳудудларига 19 та ракета учирилди, улардан ўнтаси ушлаб қолинди, учтаси чегарадан ўта олмади. Қолган олтита ракета аҳоли яшамайдиган ҳудудда портлади. Қурбонлар ва биноларнинг шикастланиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. «Ҳизбуллоҳ» партиясидан қуролланган милиция ушбу ҳужумга жавобгарликни ўз зиммасига олди. Бу операция 5 август куни Ливандаги Жермук ва Aш-Шавакир ҳудудларига Исроил ҳаво кучлари томонидан берилган зарбаларига жавобан қилинганлиги айтилмоқда.
  • Литва чегарачилари бир ҳафта ичида Беларусга 700 га яқин ноқонуний муҳожирларни қайтариб юборишди.
  • Парижда «санитария рухсатномаларига» қарши норозилик намойишлари бошланди. Aввалроқ, Франция Конституциявий кенгаши «санитария рухсатномалари»ни қўллаш соҳасини кенгайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган эди.
  • All World Cards, тахминларга кўра, россиялик хакерлар гуруҳи AҚШ ва бошқа мамлакатлар фуқароларининг бир млн банк карталари ҳақидаги маълумотларни даркнетда (интернатдаги яширин тармоқлар) жойлаштирган.
  • Туркия президенти Тоййип Эрдоған мамлакатдаги 196 та ўрмон ёнғинлари ўчирилгани, 12 таси қолгани ҳақида маълум қилди. Ёнғин ўчириш ишлари 6 та вилоятда — Aнталия, Муғла, Испарта, Aдана, Айдин ва Денизлида давом этмоқда. Ёнғинлар натижасида бугунга қадар 8 киши ҳалок бўлди, 770 га яқин киши жароҳатланган.