Чегаранинг ҳар бир метрини ёпинг — Беларус президенти

Беларус президенти Aлександр Лукашенко қўшни давлатлар расмийларини муҳожирларни ўз ҳудудларига киритмасликда ва «Беларусга ярим ўликларни қайтаришда» айблади. «Худо сақласин, улар [қўшни давлатлар] расмий назорат пунктлари орқали таклиф қилган одамларни қувиб чиқариш тактикасини амалга ошира бошласалар. Оқибатларини сизлар биласиз, улар ҳам. Шунинг учун улар ўйлаб кўришсин. Одамларни ўлдириш ва ярим ўликларни бизнинг ҳудудимизга ташлашга етди. Нацистлар ва тамом, бошқа гап йўқ», — деди Лукашенка чегарадаги вазиятга бағишланган йиғилишда. У, шунингдек, хавфсизлик кучларига давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва уни бузиш фактларини, хусусан жануб ва ғарбдан олиб бориладиган ишларни кучайтиришни топширди. «Бугундан бошлаб, Беларус ҳудудига қўшни томондан, хоҳ жанубдан, хоҳ ғарбдан, ҳеч ким бир қадам ҳам босмасин. Чегаранинг ҳар бир метрини ёпинг», дея кўрсатма берди Беларус раҳбари. Лукашенко, Ғарб давлатларини республика билан чегарада мигрантлар билан атайлаб инқирозли вазият яратишда айблади ва бу мамлакат ҳукуматига босим ўтказишнинг янги усули деб атади.

5 август куни Беларус Давлат чегара қўмитаси Литванинг ўз ҳудудидан муҳожирларни чиқариб юборишда давом этаётгани, уларни Беларус чегарасини бузишга мажбур қилаётганини айтди. 4 август куни Беларус чегарачилари Литва томони чиқариб юборган муҳожирлар топилгани ҳақида хабар беришди. Маълум қилинишича, уларда ўқ жароҳати ва ит тишлаш излари аниқланди. Бундан олдин мамлакат чегарачилари Литва чегараси яқинида «шарқий кўринишдаги одамни» оғир аҳволда топишган, у биринчи тиббий ёрдам кўрсатилаётган пайтда вафот этган эди. — БелТА.

Аввалроқ, Литва-Беларус чегара ҳудудининг ноқонуний муҳожирлар билан тўлиб кетгани, Литва ҳукумати Беларус билан чегара ҳудудида тикон-симли тўрт метрли девор барпо этишни режалаштираётгани ҳақида ёзган эдик.


Мексика AҚШ қурол ишлаб чиқарувчиларини судга берди

Мексика ҳукумати қуролли зўравонлик қурбонлари сонининг кўпайиши муносабати билан AҚШ қурол ишлаб чиқарувчилари ва етказиб берувчиларига қарши Бостон федерал округ судига даъво билан мурожаат қилди. «[Мексика ҳукумати] бу даъвони судланувчилар Мексикада гиёҳванд картеллари ва бошқа жиноятчиларга қуролларни ноқонуний сотишни фаол тарғиб қилиш орқали етказилган катта зарарни тўхтатиш учун топширмоқда», — дейилади даъво матнида. Маълумотларга кўра, мамлакат камида 10 млрд долларлик товон сўрамоқда.

Қуйидаги қурол ишлаб чиқарувчи компаниялар айбланувчи сифатида кўрсатилган: Smith & Wesson Brands, Barrett Firearms Manufacturing, Beretta U. S. A. Corp, Colt’s Manufacturing Company LLC ва Glock, шунингдек йирик қурол сотувчиси Interstate Arms корпорацияси. — ТАСС (АР).


Греция ва АҚШдаги ўрмон ёнғинлари

Греция. Греция бўйлаб 81 та ўрмон ёнғинлари қайд этилди. Энг йирик ёнғин Варибомби ҳудудидаги Парница тоғининг этагида содир бўлди. Мамлакат у ердан 300 дан ортиқ фуқарони эвакуация қилди. Ҳозирда фожиа билан «150 та махсус машинада 520 нафар ўт ўчирувчилар, 17 та ўт ўчирувчилар гуруҳи, тўққизта вертолёт ва еттита самолёт» курашмоқда.

Фото: АР/ТАСС

Фото: АР/ТАСС

Фото: EPA/Vostock-photo

Фото: Milos Bicanski/Getty Images

Сўнгги ҳафтада Грецияда жуда иссиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Мамлакатнинг кўплаб жойларида соядаги ҳаво ҳарорати 44−47 даражага етмоқда. Метеорологларнинг фикрича, аномал иссиқ об-ҳаво тахминан 12 кун давом этади.

АҚШ. Калифорниядаги «Dixie» деб номланган йирик ёнғин сўнгги бир неча кун ичида 110 минг гектардан ортиқ майдонни қамраб олди. Фожианинг 35 фоизи бартараф этилди. Таъкидланишича, кучли шамол ва тик ерлар оловни ўчиришни қийинлаштирмоқда. Иссиқ ва қуруқ об-ҳаво туфайли ёнғинлар майдонининг кенгайиши кутилмоқда. Тахминан 15 минг одам эвакуация қилинди. Aҳоли орасида қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

6 июль кунидан буён Орегон штатида «Bootleg» номли ёнғинлар давом этмоқда. Маълумотларга кўра, ўт 167 минг гектардан ортиқ майдонни қамраб олган. Ёнғиннинг тахминан 84 фоизи бартараф этилди.

3 август ҳолатига кўра, AҚШнинг 13 штатида 20 мингдан ортиқ ўт ўчирувчилар ва ёрдамчи ходимлар 7 минг 560 кв. км. майдонда 97 та катта ўрмон ёнғинларига қарши кураш олиб боришмоқда.


Чадда террорчилар 24 нафар аскарни ўлдиришди

Мамлакат жануби-ғарбида «Боко Ҳарам» террорчилик гуруҳи жангарилари томонидан камида 24 нафар чадлик аскар ўлдирилган. «4 август куни патрулга жалб қилинган бўлинма аскарлар дам олиш учун тўхтаб турган пайтда ҳужумга учради. 24 нафар аскар ўлдирилган, ярадорлар ва бедарак йўқолганлар бор», дейилмоқда хабарда. Ҳужум Чад кўлидаги Чуку Телия оролида содир бўлди. — ТАСС (Agence France-Presse).

Шунингдек, Буркина-Фасо шимолида мамлакатда фаолият юритаётган террорчи гуруҳлардан бири томонидан 10 дан ортиқ аҳоли ўлдирилган.


Шунингдек:

  • Хитой пандемия бошланганидан бери хорижий давлатларга тиббий ниқоб ва респираторларнинг экспортини деярли тўрт бараварга оширди. 2020 йил апрель ҳолатига битта ниқоб ёки респираторнинг экспорт нархи 2019 йил декабрига нисбатан 720,8 фоизга ортган.
  • Оқ уй маъмурияти мамлакатга фақат коронавирусга қарши тўлиқ эмланган чет элликларнинг киришига рухсат беришни режалаштирмоқда. Шунингдек, АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳарбийлар учун мажбурий эмлашни жорий қилиши мумкин.
  • Таиланддаги барча денгиз миллий боғларида маржонларнинг ҳаётига хавф туғдирувчи қуёшдан ҳимоя воситаларидан фойдаланиш тақиқланди. Таъкидланишича, таркибида оксибензон, октиноксат, энзакамен (4-метилбензилиденкамфора) ва бутилпарабен моддалари бор кремлар ва лосьонлар тақиқланмоқда. Қоидабузарлик учун 100 минг батгача (3 минг доллар) жарима солинади. Маълумотларга кўра, айтиб ўтилган моддалар маржон полип личинкаларини ўлдирмоқда, уларнинг кўпайишига тўсқинлик қилиб, маржон рифларининг оқаришига олиб келмоқда.
  • Дунё бўйлаб коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари сони 200 млндан ошди. 4,2 млндан ортиқ одам COVID-19'га чалиниш оқибатида вафот этди.
  • Буюк Британияда 16−17 ёшдаги ўсмирлар коронавирусга қарши эмланади. Мамлакат Вакциналар ва эмлаш бўйича қўшма қўмитаси ўсмирларга ушбу босқичда Pfizer/BioNTech вакцинасининг битта дозасини таклиф қилишни тавсия қилди.