Деҳқонобод туманида Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро бошқарувидаги Lacetti Хоразм вилоятида яшовчи ҳайдовчи бошқариб келаётган Isuzu юк машинаси билан тўқнашди. Келиб чиққан ёнғин натижасида Lacetti автомобилидаги тўрт нафар фуқаро куйиб вафот этди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Аниқланишича, М39 халқаро автомобиль йўлининг Деҳқонобод туманидан ўтган қисмида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи 53 ёшли фуқаро Ш. К. бошқарувидаги Lacetti Термиздан Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланиб бораётган 23 ёшли ҳайдовчи бошқариб келаётган Isuzu юк автомобилига урилган. Оқибатда ёнғин келиб чиққан.

«Туман Фавқулотда вазиятлар бўлимига ёнғин ҳақида 14:25 да хабар келиб тушди. Ўт ўчирувчилар воқеа воқеа жойига 14:27 да етиб бориб, ёнғин 14:29 да қуршаб олинди ва 14:45 да ўчирилди», — дейди туман Фавқулотда вазиятлар бўлими масъули Ўткирбек Йўлдошев.

Туман ИИБ ходимлари билан суҳбатлашган Isuzu ҳайдовчисининг маъулмот беришича, Lacetti бошқарувидаги ҳайдовчи катта эҳтимол билан ухлаб қолган ва юк машинаси йўлига чиқиб кетиб, машина билан тўқнашган.

Воқеа юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.