2 август куни Туркманбоши шаҳрига Ўзбекистон ҳукумати делегацияси ташриф буюрди. Ташриф доирасида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов билан музокаралар ўтказди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлилиги.

Учрашув чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

«Томонлар кўп қиррали иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун устувор вазифаларни белгилаб, ўзаро савдони ривожлантириш учун шарт-шароитлар яхшилаш, шу жумладан, мавжуд тариф ва нотариф тўсиқларни изчил бекор қилиш ҳамда икки мамлакат бозорларига Ўзбекистон ва Туркманистонда ишлаб чиқилган товарларнинг киришини соддалаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирга бошлашга келишиб олдилар», — дейилади хабарда.

Мазкур чора-тадбирлар яқин келажакда Ўзбекистон — Туркманистон савдо айланмаси ҳажмини 1 млрд долларга етказиш имконини бериши башорат қилинмоқда.

Шунингдек, хабарга кўра учрашув доирасида Ўзбекистон — Туркманистон чегарасида трансчегаравий савдо зоналарини яратиш масалалари кўриб чиқилди.

«Бу икки томонлама савдо ривожига қўшимча туртки беради, жумладан, қишлоқ хўжалиги ва маиший техника, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, шунингдек нефть-кимё маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни оширади», дея қайд этди ИТСВ матбуот хизмати.

Ташриф чоғида Туркманистонда 5−6 август кунлари бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 3-Маслаҳат учрашуви ва Марказий Осиё мамлакатлари Иқтисодий форумига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.