«Салар» канали бўйида ва шу номли сув тозалаш иншооти атрофида ишлайдиган ишлаб чиқариш бинолари ва кушхоналар Тошкент ташқарисига ўтказилади, дея хабар бермоқда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Терини қайта ишлаш, тўқимачилик ва паррандачиликка ихтисослашган корхоналар, шунингдек, қорамол кушхоналари Тошкент вилоятининг Олмалиқ ва Оҳангарон туманларида ташкил этилган «махсус саноат зоналари»га ўтади.

Мазкур қарор маҳаллалар аҳолисининг тозалаш иншооти атрофидаги мурожаатларини ўрганган ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганиш натижалари асосида қабул қилиниб, мазкур корхона вакиллари билан ташкил этилган учрашувда эълон қилинди.

Учрашувда «Салар» оқава сувларни тозалаш иншооти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан масъулларга зарур кўрсатмалар берилди. Уларнинг таъкидлашича, қайта ишланмаган оқавалар иншоотга ташланиши тўхтатилганидан сўнг, бугунги кунда бу ердаги ёқимсиз ҳид анча камайган.

10 май куни «Газета.uz» «Тошкент шахар сув таъминоти»га таяниб, Сергели туманининг Ўзгариш маҳалласидан тарқалаётган ёқимсиз ҳиднинг асосий сабаби «Салар» тўйинтириш иншооти ва Бўзсув каналига турли корхона ва ташкилотлар томонидан оқова сувлар ва чиқиндиларнинг оқизилиши эканлиги ҳақида ёзган эди. Кейинроқ эса Сенат Ҳукумат қарори лойиҳаси билан Сергели туманида ёқимсиз ҳид тарқалишига сабабчи бўлган корхоналарнинг локал тозалаш иншоотларида реконструкция қилиш ҳамда бешта чарм саноат корхонасини Тошкентдан ташқарига кўчириш режа қилинаётганини маълум бўлди.

Бизнес-омбудсман рухсати билан «Бектемир» ва «Салар» тозалаш иншоотларига чиқинди сувларни оқизаётган корхона ва ташкилотлар текширувдан ўтказилди. «Тошкент шаҳар сув таъминоти» 5 та тери заводи, 6 та тўқимачилик кохонаси ва бошқалардан иборат 18 та потенциал хавфли корхона рўйхатини тақдим этди.

Текширишлар натижасига кўра, корхона ва ташкилотларнинг 22 нафар масъул шахсига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий иш қўзғатилди.