Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари 9 июль куни маҳбусни қамоқхонадан озод қилишга ваъда берган Сурхондарё вилояти Шеробод туманидан бўлган фуқарони қўлга олди. Бу ҳақида «Ёшлар» телеканали хабар қилди.

Тезкор тадбир давомида муқаддам судланган 32 ёшли Е. Термиз туманидан бўлган танишига 70 минг доллар эвазига 19 йилга қамалган маҳбусни муддатидан аввал озод қилишни таклиф этгани аниқланди. Маҳбус Қашқадарё вилояти Косон туманидаги қамоқхонада жазо муддатини ўтамоқда (10 йил).

Эркак киши буни ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментидаги яқин таниши орқали амалга оширишига ишонтирмоқчи бўлган. Якунда фуқароТошкентда 25 минг долларни олаётган вақтда ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми (ўта йирик миқдорда фирибгарлик) ва 211-модда 1-қисми (пора бериш) бўйича жиноят иши қўзғатилди.