Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Давлат раҳбари сўзи аввалида пандемияни енгиб ўтиш доирасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Пандемия даврида дунё бўйлаб коронавирус аниқланган 200 миллион нафар беморнинг 4,2 миллион нафари вафот этди. Мамлакатимизда ҳам июнь ойининг иккинчи ярми ва июль ойидан касалланиш кўрсаткичлари кескин ўсиб, кунлик янги касалланиш ҳолатлари ўртача 750−800 тани, пневмония эса 450−500 тани ташкил этмоқда», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда 10 мингга яқин бемор шифохонада, 3 минг нафари уй шароитида даволанаётган бўлса, 2,4 минг нафари оғир, 890 нафари ўта оғир аҳволда.

«Шундай бўлсада, касалликни даволаш ва уни олдини олиш бўйича етарли тажриба орттирдик. Соғлиқни сақлаш тизими шай ҳолатга келтирилиб, барча зарур воситалар, етарли дори-дармон ва тиббиёт жиҳозлари билан таъминланди. Ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқлари кескин карантин чекловларисиз фаолиятини давом эттирмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент пандемиядан имкон қадар йўқотишларсиз ўтиш ва кейинги тўлқинларга йўл қўймаслик учун, халқдан муҳим шартга қатъий амал қилиш талаб этилишини таъкидлади.

«Вирусдан ҳимояланиш ва уни енгишнинг энг муҳим шарти — бу албатта вакцинация. Қанчалик машаққатли бўлмасин, ушбу мақсадлар учун бугунги кунга қадар 4 турдаги 13 миллион доза вакцина олиб келдик. Қайси турдаги вакцина билан эмланиш бўйича аҳолида танлаш имконияти пайдо бўлди. Ҳаммасини бепул халқимизга етказиб бераяпмиз», — деди у.

Шу боис у эмлаш тадбирларини кенг жорий этиш мақсадида куни кеча махсус қонунни имзолаганини қайд этди. «Ушбу қонун орқали иш берувчиларга соғлиғига кўра қарши кўрсатма бўлмаган, лекин профилактик эмлашни рад этган ходимларини иш жойига киритмаслик ҳуқуқи берилди», — деди давлат раҳбари.

Президент шунингдек, одамлар карантин чораларига бефарқ қараётганини ҳам қайд этди.

«Йўлда қараб келаман, бекатларда 50 фоиз одам ниқоб тақмаган. Аксарият йўловчилар ҳам, ҳайдовчилар ҳам маска тақмасдан юрибди. Тўй-томошалар тўхтамаган, яқинда мана ОТМга кириш имтиҳонлари бўлади. Абитуриентларнинг яқинлари имтиҳонларни кузатиш учун келишади. Улар орасида ижтимоий масофани сақлаш ва гигиенага амал қилишни назорат остига олиш керак. Тўй маросимларида 50 кишилик чеклов ва тест синовларида карантин талабларига амал қилиниши қатъий назорат остида бўлиши шарт», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қолаверса, мутасаддиларга дорихоналарга дори воситаларини етказиб бериш ва ноқонуний дори олди-сотдисининг олдини олишга оид топшириқлар берилди.