Кобул «Толибон» билан сулҳ тузишга тайёр — Афғонистон ТИВ

Aфғонистон расмийлари «Толибон» билан тинчлик ўрнатишга ва ҳокимиятни тақсимлашга тайёр, лекин «Толибон» маълум шартларга риоя қилса. Бу ҳақда Aфғонистон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Aтмар «Известия» газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Aфғонистон ҳукумати «Толибон»ни ҳокимиятни тақсимлаш тўғрисидаги битимга қўшишга ва биргаликда ишлашга тайёрми?! Жавоб: ҳа. Биз «Толибон» билан ишлашга тайёрмиз, уларни ҳукуматга қабул қилишга тайёрмиз, улар билан сулҳ тузишга ва улар билан ҳокимиятни тақсимлашга тайёрмиз. Ва бунинг учун бизда кўп шартлар йўқ, аслида битта — мамлакат ичида Aфғонистон келажаги афғон халқининг иродаси билан ҳал қилиниши керак, ташқи чегараларда эса Aфғонистон хавф туғдирмаслиги керак. Бошқа ҳеч бир мамлакатга ва бизда битта ҳам хорижий террорчи куч бўлмаслиги керак», — деди Aтмар. Бизнинг ҳукуматимиз «Толибон»ни терроризмни қўллаб-қувватлашни бас қилиш шарти билан ўзининг бир қисми сифатида қабул қилишга тайёр», дея қўшимча қилди у.

Aфғонистон барча давлатлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр ва республика рақобат эмас, балки ҳамкорлик майдончасига айланишини истайди, деди Aфғонистон ташқи ишлар вазири.

Шунингдек: Aфғонистон армияси Ҳилманд вилояти маъмурий маркази бўлган Лашкаргоҳ шаҳри аҳолисига мурожаат қилиб, уни тарк этишни сўради — ҳудудда «Толибон» ҳаракати тарафдорларига қарши кенг кўламли операция бўлиб ўтади.


Филиппин вакциналар эвазига ўз ҳудудида АҚШ қўшинларини жойлаштириш тўғрисидаги битимни тиклайди

Бу ҳақда мамлакат президенти Родриго Дутерте маълум қилди. «AҚШга коронавирусга қарши вакциналар етказиб бергани учун миннатдорчилик билдирайлик, мен уларга имтиёз сифатида нимадир бердим. Мен хорижий кучлар келишувининг тикланишини бунга миннатдорчилик сифатида деб биламан», — деди Дутерте. Унинг сўзларига кўра, у шахсан аэропортга бориб, Moderna компаниясининг янги дори партиясини кутиб олади.

11 февралда Филиппин 1998 йилдан буён амалда бўлиб турган АҚШ билан икки томонлама ҳарбий битим бекор қилинганини эълон қилган эди. Ушбу ҳужжат америкалик ҳарбийларга Филиппинда қолишга рухсат берган, шунингдек, қўшма машғулотлар ўтказиш жараёнини тартибга солган. Июль ойи охирида икки мамлакат мудофаа вазирлари ушбу шартнома тикланаётганини эълон қилишган.


Чет элдан Ироққа 17 мингдан ортиқ артефакт қайтарилди

Ироқдан ноқонуний олиб чиқилган 17 мингдан зиёд артефакт ва қадимий буюмлар республикага AҚШ ва бошқа бир қатор мамлакатлардан етказиб берилди. Маълумотларга кўра, мамлакатга AҚШдан 17321та, Япониядан 9та, Нидерландиядан 7та ва Италиядан битта қадимий буюм олиб келинган.

«Исломий давлат» террорчилик гуруҳининг жангчилари 2014 йилнинг ёзида Ироқ ҳудудининг қарийб учдан бир қисмини босиб олган эди. Ҳукумат 2017 йил декабрь ойида эса террорчилар устидан ғалаба қозонганини эълон қилди. Бу давр мобайнида Ироқ ҳудудида ҳаракат қилган террорчилар минглаб қимматбаҳо асарлар ва қадимий буюмларни Ироқдан ташқарига олиб чиқиб кетишди, кўплаб музейлар ва тарихий жойларни вайрон қилишди, муҳим археологик зоналарни талон-торож қилиб, ноқонуний қазиш ишларини олиб боришган. — ТАСС.


Литва Беларус билан чегара ҳудудида тикон-симли тўрт метрли девор барпо этади

Бу ҳақда мамлакат ИИВ ҳузуридаги Давлат чегара хизмати бошлиғининг ўринбосари Видас Мачайтис маълум қилди. «Чегаранинг 508 км қисмини тўрт метрли пайвандланган металл симли девор билан ёпиш режалаштирилган, унинг устига концертина ўрнатилади», — деди у. Литва-Беларус чегарасининг умумий узунлиги қарийб 680 км. Чегара департаментининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, режалаштирилган муҳандислик иншооти 152,5 млн еврога тушади. «Молиялаштиришга қараб, қурилиш ишлари бир йилдан икки йилгача давом этиши мумкин», — дейди Мачайтис.

Шунингдек: Литва расмийлари Осиё ва Aфрика мамлакатларидан кириб келаётган ноқонуний муҳожирларга уйларига қайтишлари учун тўлов таклиф қилишни режалаштирмоқда. Мумкин бўлган тўловларнинг аниқ миқдори ҳозирча белгиланмаган.

Аввалроқ Литва-Беларус чегара ҳудудининг ноқонуний муҳожирлар билан тўлиб кетгани ҳақида ёзган эдик.

Концертина — бу ҳарбийлар томонидан ишлатиладиган ўткир тиканли сим. Махсус асбобларсиз бундай тўсиқни енгиб ўтиш мумкин эмас, деб ҳисобланади.


КХДРда озиқ-овқат танқислиги туфайли армия захирасидан гуруч тарқатилиши бошланди — Жанубий Корея разведкаси

Озиқ-овқат етишмаётгани сабабли КХДР ҳарбийлар учун мўлжалланган гуруч захирасидан фойдаланишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Associated Press Жанубий Корея Миллий разведка бошқармасига (NIS) таяниб хабар бермоқда. NIS’нинг таъкидлашича, КХДР ҳукумати озиқ-овқат етишмаётган фуқароларга, шунингдек, ишчилар ва қишлоқ хўжалиги бўлимларига гуруч тарқатишни бошлаган. Разведка маълумотларига кўра, иссиқлик ва қурғоқчилик шоли ва бошқа донли экинларнинг йўқ бўлишига, чорва молларининг нобуд бўлишига олиб келди. Ҳозирда, Шимолий Корея раҳбарияти қурғоқчиликни «миллий омон қолиш масаласи» деб белгилаган ва жамоатчиликнинг бу муаммо ҳақдаги хабардорлигини оширишга ҳаракат қилмоқда.

Айтилишича, КХДРдаги 26 млн фуқаро учун 5,5 млн тоннага яқин озиқ-овқат керак, бироқ айни пайтда 1 мнн тонна озиқ-овқат етишмаяпти. Шунингдек, мамлакатда гуруч нархи — у ердаги энг муҳим дон — бу йил бошидан буён икки баробар ошган, июлда нарх барқарорлашди, лекин кейин яна кўтарила бошлади.


Шунингдек:

  • Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Лондонда Беларус мухолифати раҳбари Светлана Тихановская билан учрашди. «Биз, шубҳасиз, сиз тарафдамиз. Сиз қилаётган ишни биз фаол қўллаб-қувватлаяпмиз», — деди Жонсон Тихановскаяга мурожаат қилиб. Бош вазир, шунингдек, «Беларусда фуқаролик жамияти ва демократияни» қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади. 28 июль куни АҚШ президенти Жо Байден Оқ уйда Тихановская билан учрашган эди.

Фото: EPA-EFE/HOLLIE ADAMS/POOL

  • Қирғизистоннинг биринчи президенти Аскар Акаев ДМХҚдаги сўроқдан кейин «Кумтор» олтин кони тўғрисидаги иш бўйича тергов билан ҳамкорлик қилиш учун мамлакатга келганини маълум қилди. Шунингдек, Қирғизистон собиқ бош вазири Темир Сариев (2015−2016 йй.) «Қумтор» иши бўйича ҳибсга олинди.
  • Ливия Олий давлат кенгашининг амалдаги раиси Холид ал-Мишри тўртинчи муддатга қайта сайланди.
  • Ҳиндистондаги Ғарбий Бенгалия штатида ёмғир ва сув омборларининг тўлиб кетиши оқибатида юзага келган тошқинларда камида 14 киши ҳалок бўлди, 250 мингга яқин киши вақтинча турар жойларга жойлаштирилди.
  • AҚШ 36 та кема ва денгиз корпуслари иштирокида, 17 та вақт зонасида, сўнгги 40 йил ичида ўтказилган энг йирик денгиз машғулотларини бошламоқда. Ҳарбий машғулотлар икки ҳафта давом этади.