Йўл-патруль хизмати ходимларига бириктирилган махсус хизмат автомобилларининг том қисмига махсус қурилма ўрнатилмоқда. Унинг олд, орқа ва ён томонида кузатув камералари бўлиб, транспорт воситаси тўхтаб турган вақтида ҳам 360 градус радиусга эга бўлган масофада ҳайдовчилар томонидан содир этилган қоидабузарликларни аниқлайди, дея маълум қилди ЙҲХББ.


Қурилма қарама-қарши йўналишдаги транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхташ ва тўхтаб туриш, ҳаракатланиш тезлигини ошириш, светофорнинг тақиқловчи чироғига амал қилмаслик, тақиқловчи чироқда тўхтаб турган вақтида тўхташ чизиғини босиш қоидабузарликларини, шунингдек давлат рақами белгиси орқали автомобилнинг қидирувда ёки йўқлигини аниқлайди.

Қоидабузарликлар онлайн тарзда қайд этилади ва яшаш манзилига жарима қўллаш тўғрисидаги қарор юборилади.

Қурилма ҳозирда Тошкент шаҳрида синовдан ўтказилмоқда. Синов якунлангандан сўнг республиканинг барча ҳудудларида қўллаш режалаштирилган.