2 август куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва ўртача иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Фақат энг чекка шарқий ҳудудларда булутлиликнинг конвектив ривожланиши кузатилади. Бунинг ҳисобига Фарғона водийсида, шунингдек республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида баъзи жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли маҳаллий ёмғир ёғади. Туш вақтига келиб, ҳаво ҳарорати +36…+39 даражагача кўтарилади. Бу август ойи бошидаги меъёрдан +3…+4 даражага юқори бўлади.

3 август ва иш ҳафтасининг охиригача текислик ҳудудларда ҳавонинг ўртача иссиқ бўлиши давом этади. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади, аммо ушбу кунлардаги аномал ҳарорат июль ойининг энг иссиқ давридагидек аҳамиятли эмас. Кечалари аста-секин узаяди, кунлар эса қисқаришни бошлайди.

Ушбу ҳафтанинг катта қисми давомида республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида конвектив булутларнинг ривожланиши кузатилади. Бунинг натижасида маҳаллий ёмғир ва момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади.

Республика бўйича 2−4 августда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

2−5 августда республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи сақланиб туради.