Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов душанба кунги брифингда давлат раҳбарининг августнинг биринчи ҳафтасидаги иш режаси билан таништирди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Шавкат Мирзиёев ҳафтани Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилиш бўйича тақдимотни ўтказиш билан бошлайди. Қолаверса, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор ҳам режада бор.

«Жума куни президентимиз Туркманистоннинг Аваза шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги (учинчи) маслаҳат учрашувида иштирок этади», — деди Шерзод Асадов.

Унинг сўзларига кўра, ушбу механизм Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан илгари сурилган ва учрашув учинчи маротаба ўтказилади.

5−6 август куни бўлиб ўтадиган маслаҳат учрашуви доирасида савдо-сотиқ, транспорт логистикаси, энергетика, маданий ва гуманитар соҳаларда минтақавий ҳамкорликнинг муҳим истиқболлари муҳокама қилинади.

Шунингдек, Иқтисодий форум, Марказий Осиё давлатларининг етакчи аёллари учрашуви, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кўргазмаси ва миллий таомлар фестивали ҳам бўлиб ўтади.