Узун туманида 31 июль куни соат 22:30 ларда вилоятнинг Сариосиё туманида 5 нафар фуқаро А.О., Ш. Д., Б. Ш., Н. А. ва Р. Ш. тумандаги Ўзбекистон маҳалласида жойлашган чорраҳа ёнида вояга етмаган Р. С. ни ҳеч бир сабабсиз уриб-дўппослаган.

Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, яқин ўртада жамоат тартибини сақлаш учун хизматга жалб қилинган туман Ички ишлар бўлими ходимлари уларни бир неча бор огоҳлантирган.

Шунга қарамасдан, улар ички ишлар ходими С. М. ҳамда С. Қ. ларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларга қасддан тан жароҳати етказишган.

Судга оид тиббиёт экспертиза хулосасига кўра, ходим С. М. нинг баданида тан жароҳати оғирлик даражасига кўра «соғлигининг бузилишига сабабчи бўлган енгил» тан жароҳатлари, шунингдек, ходим С. Қ. ҳамда вояга етмаган Р. С. нинг баданида «енгил» тан жароҳатлари эканлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар А.О., Ш. Д., Б. Ш., Н. А., Р. Ш. ларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (безорилик жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиб содир этилган бўлса) билан иш қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Уларга 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси хавф солмоқда.