Мудофаа вазирлиги Жиззах вилояти Зомин туманида ўрмон ёнғинини ўчиришга оид видеорепортажни эълон қилди. Ёнғин якшанба куни эрталаб содир бўлган. Ёнғинни ўчириш ишлари кечгача давом этди.

«400 нафар ҳарбий хизматчидан иборат батальон фавқулодда ҳолат хабарини олгандан сўнг, тезкорлик билан ёнғин содир бўлган ҳудудга етиб келиб, вазифани бажаришга киришди», — дейилади вазирлик хабарида.

Мудофаа вазирлиги Ҳарбий-ҳаво кучлари вертолёт авиацияси звеноси томонидан Зомин сув омборидан йигирма маротабадан ортиқ махсус восита ёрдамида сув олиниб, ҳаводан оловга 30 тоннадан зиёд сув ташланди.

«Ҳозирги вақтда Мудофаа вазирлиги бўлинмалари ва вертолёт авиацияси мазкур ҳудудда тозалаш ишларини амалга оширмоқда», — дея қўшимча қилинади хабарда.

Аввалроқ, ёнғинни ўчириш учун ФВВдан яна қўшимча 350 дан ортиқ шахсий таркиби, Мудофаа вазирлигидан 4 та вертолёт шунингдек, Миллий гвардия, Ички ишлар, Давлат экология қўмитаси ва бошқа ташкилотларнинг куч ва воситалари жалб этилгани ҳақида хабар берилган эди.