Тошкентнинг Сергели туманидаги омборхона биноларидан бирида газ-ҳаво аралашмаси чақнаши содир бўлди, дея хабар қилди ФВВ матбуот хизмати.

Ҳодиса 31 июль куни тахминан 19:30 ларда «Қушқўрғон» маҳалласидаги омборхона биноларидан бирида юзага келди. Ҳодиса натижасида омборхона биносидан ташқари, мазкур корхонанинг маъмурий биноси ҳам вайрон бўлди. Бундан ташқари, қўшни бинода жойлашган нонвойхона ҳам қисман зарар кўрди.

Фавқулодда ҳолат натижасида корхонанинг бир ишчиси ҳаётдан кўз юмди, уч киши турли даражада жароҳатланди. Улар шифохонага ётқизилди.

Дастлабки тахминларга кўра, чақнашга бинода газ сизиб чиқиши сабаб бўлган. Ҳодиса жойида ФВВ қутқарувчилари, ИИВ, прокуратура ва бошқа тегишли идоралар вакиллари иш олиб бормоқда.