29 июль куни соат тахминан 16:40 да Ургут тумани Устахона қишлоғи ҳудудидан ўтган йўлда ЙТҲ содир бўлди, дея хабар бермоқда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.

Қайд этилишича, юқори тезликда ҳаракатланган Lacetti бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги уйнинг деворига бориб урилган.


Фото: Видеодан лавҳа

ЙТҲ натижасида 24 ёшли ҳайдовчи ва машинадаги 16 ёшли йўловчи воқеа жойида вафот этди.

Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, 31 июль куни соат 01:45 ларда, Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани, «Алижон» МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-37 «Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши» автомобиль йўлининг 71-километрида ҳам ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.

Ҳайдовчи Э.У. (1983 й.т.) «YUTONG» русумли автобусда «Бухоро-Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётиб йўлни кесиб ўтаётган велосипедчини уриб юбормаслик мақсадида рулни ўнг томонга бурган ва бошқарувни йўқотиши оқибатида автобус ағдарилган.

Фото: Самарқанд вилояти ЙҲХББ ахборот хизмати

Натижада, автобус салонида бўлган, 24 ёшли Ж.Н. шифохонада ва 40−45 ёшлар атрофида бўлган йўловчи шифохонага олиб борилаётганда, йўлда вафот этган. Шунингдек, йўловчилар, 48 ёшли Б.С., 29 ёшли А.А., 22 ёшли Г. С., 48 ёшли М.Б. ва 35 ёшли Д.А.лар турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Каттақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.