Токиодаги Олимпия ўйинларининг саккизинчи кунида 3 нафар спортчи, ҳамда 6 нафар кишидан иборат Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси беллашувларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилди.

Дзюдо. Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аралаш жамоавий беллашувда чорак финал йўлланмаси учун Нидерландиялик дзюдочиларга қарши баҳс олиб борди.

Ушбу жамоавий баҳсда Ўзбекистон шарафини қуйидаги дзюдочилар ҳимоя қилди: Бекмурод Олтибоев (+90 кг), Диёра Келдиёрова (-57 кг), Ҳикматиллоҳ Тўраев (-73 кг), Гулноза Матниязова (-70 кг), Давлат Бобонов (-90 кг) ва Фарангиз Ҳожиева (+70 кг).


Беллашувнинг асосий вақти 3:3 ҳисобида якунланди. Олтин очко учун кечган қўшимча раундда +90 кг вазн тоифаси танлаб олинди. Унда Бекмурод Олтибоев Хенк Гролга шидолар бўйича имкониятни бой бериб қўйди ва рақиб жамоа кейинги босқичга йўл олди.


Шу тариқа, дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги иштирокини якунлади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу Олимпия ўйинларида -90 кг вазн тоифасида курашган дзюдочи Давлат Бобонов Ўзбекистон делегацияси ҳисобига бронза медалини тақдим қилган эди.

Бокс. 52 кггача вазн тоифасади беллашувларда иштирок этаётган боксчи Шаҳобиддин Зоиров Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги навбатдаги жангида Кабо-Верде вакили Варела Даниелни мағлуб этиб, чорак финалга йўл олди.


Ярим финал учун кечадиган беллашувда Зоировга Филиппин вакили Кардо Паалам рақиблик қилади.

Яна бир ўзбекистонлик боксчи Элнур Абдураимов ҳам 63 кггача вазн тоифасидаги Олимпиада чемпионлиги учун иккинчи жангини муваффақиятли ўтказди.

Нимчорак финалда унга тожикистонлик тажрибали боксчи Баҳодур Усмонов рақиблик қилди. Элнур Абдураимов бу беллашувни яққол устунлик билан якунлаб, чорак финалга йўл олди.


Ярим финал учун у арманистонлик Ховханнес Бачков қаршилигини синдириши керак.

Шундай қилиб, Олимпия ўйинларидаги бокс беллашувларида 4 нафар ўзбекистонлик спортчилар ярим финал йўлланмалари учун кураш олиб борадиган бўлишди. Олдинроқ, Баҳодир Жалолов ва Райҳона Қодировалар ҳам чорак финал йўлланмасига эга бўлгандилар.

Ўқ отиш. Милтиқдан отиш дастурида иштирок этаётган ўзбекистонлик Мухтасар Тоҳирова 50 метр масофадан 3 хил ҳолатда (тик туриб, ўтириб, ётиб) отиш йўналишида омадини синаб кўрди.

Саралаш босқичларда 9,625 очко тўплаган Тоҳирова умумий жадвалда 32 ўринни эгаллаб, мусобақалардаги иштирокини якунлади.

Хабар эълон қилинган вақтда Ўзбекистон битта олтин ва битта бронза медали билан турнир жадвалининг 31-поғонасини эгаллаб турибди.