Токиодаги Олимпия ўйинларининг еттинчи кунида беш нафар спортчи Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этди.

Дзюдо. +100 кг вазн тоифасида беллашувда қатнашган Ўзбекистонлик дзюдовчи Бекмурод Олтибоев биринчи давра баҳсларида мўғилистонлик Дуренбаяр Улзибаярни иппон баҳоси билан ютиб, чорак финал йўлланмаси учун курашадиган бўлди.


Бекмурод Олтибоев. Фото: Миллий Олимпия қўмитаси.

Унинг ушбу босқичдаги рақиби нидерландиялик Хенк Грол бўлди. Ушбу баҳсда ҳам Бекмурод Олтибоев ғалаба қозонди ва чорак финалга йўл олди.

У чорак финалда Чехия вакили Лукаш Крпалек билан кечган курашда вазари баҳоси билан мағлуб бўлди ва бронза медали учун ўтиш баҳсларида иштирок этадиган бўлди.

Бронза медали учун ўтиш босқичида украиналик Якив Хамнога қарши кечган беллашувда Олтибоев вазари баҳоси билан имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа у яккалик баҳсларида иштирокини тугатди.

Бокс. Токио-2020 Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик боксчи Бобоусмон Батуров 69 кг гача вазн тоифасида чорак финал доирасида жанг ўтказди. Бу босқичда унга сўнгги жаҳон чемпионати финалчиси рақиблик қилди.


Бобоусмон Батуров рақибига қарши. Фото: Миллий Олимпия қўмитаси.

Британиялик Пет Маккормакка қарши баҳсда Батуров 2 ва 3-раундларда ташаббусни бой бериб қўйди ва ушбу босқичда Олимпиада билан хайрлашди.

Ўзбекистонлик қиз бола боксчилардан Райҳона Қодирова Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларидаги дастлабки жангини ўтказди. Қашқадарёлик боксчи Африка вакиласига қарши баҳс олиб борди.


Райҳона Қодирова рақибасига қарши. Фото: Миллий Олимпия қўмитаси.

Конго ДР вакиласи Юмба Наомиега қарши жанг ўзбекистонлик спортчининг устунлигида ўтди ва бу якунда ҳакамларнинг баҳосида ҳам ўз исботини топди. Энди Қодирова ярим финалга чиқиш учун амалдаги жаҳон чемпиони бразилиялик Беатриз Феррейрага қарши рингга кўтарилади.

Сузиш. Сузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакиласи Наталя Критинина Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги иштирокини якунлади. У саралаш босқичидаёқ мусобақадан чиқиб кетди. 50 метрга сузиш дастурида иштирок этган Критинина 26.93 сония натижа қайд этди. Бу олтинчи саралаш гуруҳи вакиллари орасидаги энг паст кўрсаткич.

Наталя Критинина. Фото: Миллий Олимпия қўмитаси.

Енгил атлетика. Бугундан Токио-2020 доирасида енгил атлетика баҳслари бошланди. Уч ҳатлаб сакраш бўйича саралашнинг «А» гуруҳида иштирок этган ўзбекистонлик Роксана Худоёрованинг учинчи уринишидан кейин энг яхши кўрсаткичи 13.02 метрни ташкил этди. Бу натижа унга финал дастурига йўл олиш учун камлик қилди. Финалга йўл олган энг паст кўрсаткич эгасининг натижаси эса 14.21 метрни ташкил этди.

Роксана Худоёрова. Фото: Миллий Олимпия қўмитаси.