Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева 30 июль куни Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида республикада ўтказилаётган тиббий хатлов бўйича фикр билдирди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

«Соғлиқни сақлаш ходимлари жойларда уйма-уй юриб, аҳолининг кўпроқ кайси касалликлар билан оғриётганини аниқланиши керак, — деди Сенат раиси. — Тиббиёт хизмат соҳасидаги кўплаб муаммолар аслида жойлардаги ўрганишларни вақтида олиб борилмагани туфайли келиб чиқмоқда. Шу орқали ҳудудларда кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг сифатини ошириш зарур. Бунинг унинг жалб этилган мутахассисларнинг малакасини ошириш лозим».

Сенат раиси аҳолининг саломатлигини таъминлашда маҳаллий кенгашларнинг ўрни ҳақида ҳам алоҳида тўхталди.

«Жойлардаги маҳаллий кенгашлар ҳам фаол бўлиши керак. Аҳолига бир марталик тиббий ёрдам, ёки даволаш билан чекланмаслигимиз керак. Ҳозирги пандимия даврида бу масалаларга алоҳида эътибор бериб ишлаш орқали аҳолининг саломатлиги сақлаш керак. Бу саъй-ҳаракатларимиз аҳолининг саломатлигини сақлаш, миллат генофондини яхшилашга хизмат қилади».

Танзила Нарбаев ўтказилаётган тиббий хатлов натижаларига «юзаки қарамасдан самарали ташкил қилиш керак"лигини ҳам таъкидлади. «Шуни ҳисобга олган ҳолда, Соғлиқни сақлаш тизими устувор чора-тадбирларни амалга ошириш керак», — деди у.