Aфғонистоннинг Ҳирот шаҳрида БМТ миссиясига ҳужум қилинди

Бир афғон полициячиси ўлдирилди ва бир неча киши яраланди. Баёнотда «БМТнинг бирон бир ходими жароҳат олмаганлиги» таъкидланган. 30 июль куни БМТ миссиясига олиб борувчи йўлдаги назорат-ўтказиш пункти ўққа тутилди, ҳужумчилар ракеталардан ҳам фойдаланишди. БМТда таъкидланишича, «ҳужум ҳукуматга қарши элементлар томонидан уюштирилган».

Ташкилот «халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ БМТнинг фуқаролик ходимларига ҳужум қилиш тақиқланганлиги, уларни ҳарбий жиноятлар деб ҳисоблаш мумкин» деб эслади. БМТнинг Aфғонистондаги ваколатхонасига кўра, жума куни эрта тонгда Ҳирот яқинида Толибон ва ҳукумат қўшинлари ўртасида тўқнашув содир бўлган. — Интерфакс.

Шунингдек: АҚШ мамлакат ҳарбий кучлари билан ишлаган афғонларни эвакуация қилишни бошлади.


Беларусда намойишлардан сўнг деярли 4,7 минг жиноий иш очилди

Беларус Тергов қўмитаси 2020 йилги президентлик сайловларидан кейин норозилик намойишлари билан боғлиқ 4691 та жиноий иш очган. Таъкидланишича, энг кўп жиноятлар мамлакат ЖКнинг 341-моддаси (биноларни таҳқирлаш ва мулкка зарар етказиш) ва 369-моддаси (ҳукумат вакилини ҳақорат қилиш) бўйича содир этилган. 857 та шундай иш бўйича тергов якунланди, шундан 1184 та жиноят бўйича 825 та жиноят иши судга юбориш учун прокурорга ўтказилди.

Тергов қўмитаси раҳбари Дмитрий Горанинг айтишича, Тергов қўмитаси манфаатдор органлар билан биргаликда «радикалларни, экстремистларни, мамлакат суверенитети ва жамоат хавфсизлигига тажовуз қилганларни аниқлаш ва таъқиб қилишни давом эттиради». «Бундай шахсларнинг жавобгарлиги муқаррар. Бу Тергов қўмитасининг принципиал позицияси бўлган ва бўлади», дея қўшимча қилди у. — Интерфакс.

Шунингдек: Беларус Давлат хавфсизлиги қўмитаси мамлакатнинг тўртта ҳудудида терактлар тайёрланиши ҳақида маълум қилди. «Қўмита ҳозирда чет элда Минск шаҳри, Минск, Гродно ва Брест вилоятларида бир қатор (терактлар — таҳр.) уюштириш режалаштирилаётгани тўғрисида ишончли маълумотга эга. Мижозлар ва ижрочилар бизга маълум, уларнинг жиноий ҳаракатларини ҳужжатлаштириш ва олдини олиш бўйича ишлар фаол давом этмоқда», — деди қўмита раҳбари Иван Тертель. Шунингдек, раҳбар «алоҳида Ғарб давлатларининг махсус хизматлари террорчиларнинг режалари тўғрисида хабардор, аммо улар ўз ҳудудларида фаолиятини локализация қилиш чораларини кўрмаяпти», деб таъкидлади.


КХДР раҳбари армияни жанговар тайёргарликни оширишга чақирди

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин «душман кучларни» «тажовуз учун қатъиятли ҳарбий машғулотлар»ни кучайтирганликда айблаб, армияни жанговар самарадорликни ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни қилишга чақирди. «Ҳозирги вақтда душман кучлари мунтазам равишда КХДРга қарши олдиндан зарба бериш учун ўз имкониятларини оширишда давом этмоқдалар, қурол-яроғ тўпламоқдалар, шу билан бирга, тажовузлик учун ҳар қандай қатъиятли ҳарбий машқларни фаоллаштирмоқдалар», — деди у. Ким Чен Ин барча ҳарбий ва сиёсий ходимларни ўз бўлинмаларининг жанговар самарадорлигини ошириш учун бор кучини сарфлашга чақирди. Шунингдек, КХДР раҳбари аскарларни ўз ҳаётларини Шимолий Корея халқи ва мол-мулкини ҳимоя қилишга бағишлашга чақирди. — ТАСС.

Пхеньян анъанавий равишда Жанубий Корея ва AҚШ қуролли кучларининг биргаликдаги машғулотларини қоралаб, уларни КХДРга бостириб кириш машқлари деб атайди.


Токио яқинидаги учта префектурада фавқулодда ҳолат режими жорий этилди

Япония ҳукумати COVID-19 билан касалланиш ҳолатларининг кўпайиши туфайли Токио яқинида жойлашган учта префектурада фавқулодда режим жорий этилишини эълон қилди. Гап Саяма, Чиба ва Канагава префектуралари ҳақида кетмоқда. «Инфекция Токио ва ғарбий шаҳарларда биз кўрмаган тезликда тарқалмоқда», — деди Япония бош вазири Ёсихидэ Суга. Бундан ташқари, Осака префектураси ҳудудида ҳам фавқулодда ҳолат режими жорий қилинган. У 2 августдан 31 августгача давом этади. — ВВС.

Шунингдек: Aвгуст ойи бошида Филиппин пойтахти Манила ва унинг атрофидаги шаҳарлари коронавируснинг «дельта» штамми кўпайишига йўл қўймаслик учун ёпилади. Чекловлар кучайтирилади.


Саудия Aрабистони 1 августдан бошлаб коронавирусга қарши эмланган сайёҳларга киришга рухсат беради

«2021 йил 1 августдан бошлаб [коронавирусга] қарши эмланган сайёҳлик визалари эгалари учун қиролликка киришга қўйилган чеклов олиб ташланади. Уларга эмлаш сертификати тақдим этилганидан кейин мажбурий карантиндан ўтиш шарт бўлмайди», — дейилади хабарда. Ташриф буюрувчилар қиролликда рўйхатга олинган вакциналар билан тўлиқ эмланиши керак. Шунингдек, мамлакатга келишдан 72 соат олдин сайёҳлар ПЗР текширувидан ўтишлари кераклиги таъкидланди. — ТАСС.

Ҳозирда қиролликда фойдаланиш учун коронавирусга қарши тўртта препарат, яъни Moderna, Johnson & Johnson, AstraZeneca ва Pfizer-BioNTech томонидан ишлаб чиқарилган вакциналар тасдиқланган.


Шунингдек:

  • Исроилда 60 ёшдан ошганларни COVID-19`га қарши Pfizer вакцинасининг учинчи дозаси билан эмлаш ишлари бошланди. Бунинг учун фуқаролар камида беш ой олдин икки дозали курсни тамомлаган бўлишлари керак. Ҳозирча Исроил ревакцинацияни бошлаган биринчи мамлакат ҳисобланади.
  • АҚШ президенти Жо Байден штатлар маъмуриятларини ҳар бир эмланганга 100 доллар тўлашга чақирди.