Ўтган 6 ой давомида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига жами 5 958 нафар фуқаро мурожаат қилган. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маърупова АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Таъкидланишича, мурожаатлардан 5 348 нафари, яъни 89,7 фоизи аёл, 393 нафари, яъни 6,6 фоизи эркак ва 217 нафари, яъни 3,6 фоизи 18 ёшгача бўлган болалардир.

Марказ ходимлари томонидан мурожаатчиларнинг 2383 нафарига психологик, 2689 нафарига юридик, 160 нафарига тиббий ва 723 нафарига бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилган.

Марказга энг кўп мурожаат қилиш ҳолатлари 4 та ҳудудга тўғри келади, яъни Тошкент шаҳридан 1 598 нафар, Жиззах вилоятидан 861 нафар, Наманган вилоятидан 540 нафар, Қашқадарё вилоятидан 539 нафар фуқаролар мурожаат қилган.

Таҳлилларга кўра, мурожаатчиларнинг 2 368 нафари ҳуқуқий ва психологик маслаҳат олиш учун боғланган бўлиб, уларнинг мурожаатларида зўравонликка учраш аломатлари аниқланмаган. 1 908 нафар мурожаатчи руҳий, 1 094 нафари жисмоний, 562 нафари иқтисодий, 26 нафари жинсий зўравонликка учраганини маълум қилган.

Руҳий зўравонликка учраганларнинг 1 766 нафари, яъни 93 фоизини аёллар ташкил этган. Содир этилаётган руҳий зўравонлик асосан 1 841 та ҳолатда оилада, 1 353 та ҳолатда эр-хотин ўртасидаги низолар оқибатида келиб чиққанлиги аниқланган.

Жисмоний зўравонликка учраганларнинг 1 071 нафари, яъни 98 фоизи аёллардир. Жисмоний зўравонлик 865 та ҳолатда эр-хотин, 157 та ҳолатда қайнона-келин (куёв), 43 та ҳолатда ота-она ва фарзанд ўртасидаги можаролар оқибатида содир этилган.