Тошкентдаги кўп қаватли уйлар ва аҳоли зич жойлашган маҳаллалар ва уларга туташ ҳудудларда ҳамда ички йўл ёқалари ва бошқа бўш майдонларида маҳаллий аҳоли учун истироҳат йўлакларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Пойтахт ҳокимининг 28 июлдаги қарорида бу ҳақда сўз боради. Ҳужжат нусхаси «Газетаuz»да мавжуд.Ҳужжатга кўра, истироҳат йўлаклари жойлашуви хавфсиз ва аҳоли учун қулай бўлиши, узунлиги 200−300 метрдан ошмаслиги, хусусий мулкларга зарар етказмаслиги ҳамда кўп йиллик дарахтлар кесилмаслиги инобатга олинган ҳолда барпо этилади.

Истироҳат йўлакларни лойиҳалаштиришда қаттиқ қопламали майдон (асфальт, бетон ёки брусчатка қопламали), пиёдалар ва велосипедда сайр қилиш, болаларни фаол ўйинлар билан банд бўлиши, ВоркОут ҳудудлар, ўриндиқлар ўрнатилишига эътибор қаратилади.

Айрим жойларда кўчма савдо дўконлари ва енгил конструкцияли (музқаймоқ, салқин ичимликлар, фаст-фуд, киоск ва ҳ.к.) хизмат кўрсатиш шаҳобчалари жойлаштирилади. Уларни ўрнатиш учун ер майдонларининг ижара ҳуқуқи «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилади.

Қарорда кўчма савдо ва енгил конструкцияли хизмат кўрсатиш шахобчаларини ўрнатиш учун тижорат банклари томонидан ташаббускор тадбиркорларга кредит ажратилиши тавсия этилди.