Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова «Газета.uz» сўровига мувофиқ, сўнгги вақтларда Ўзбекистонда аҳолини мажбурий эмлашни қонунийлаштириш ортидан инсон ҳуқуқлари қай даражада бузилаётганига оид саволларга жавоб берди.

17 июль куни Республика махсус комиссиясининг йиғилишида 14 тоифадаги фуқаролар оммавий эмланиши шарт этиб белгиланди. Унга кўра, рўйхатдагилар 1 сентябргача 1-доза, 1 октябргача 2-доза ва 1 ноябргача 3-доза вакциналарини олиши керак.

Бунга асос қилиб эса, «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Бош давлат санитария врачи атрофдагилар учун хавф туғдирувчи юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши хавфи бўлган тақдирда тегишли санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирлар ўтказиш тўғрисида қарорлар чиқариш ваколатига эгалиги кўзда тутилган"и айтилди.

Ундан олдинроқ, Қонунчилик палатаси спикери 16 июль куни Нурдинжон Исмоилов қонунан эмлаш тадбирларини мажбурий тарзда амалга ошириш мумкин эмаслигини, бунинг учун қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозимлигини таъкидлаган эли.

«Газета.uz»нинг бир-биридан мустақил бир нечта манбасининг хабар беришича, ҳозирда давлат органлари, жумладан, ИИВ, Бош прокуратура, вазирлик ва давлат ташкилотларида ходимларни мажбурий эмлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Барчани бирдек эмлаш бошланганида уларда танлов эркинлиги бўлмагани, ўша вақтда (1 ҳафта ичида) мавжуд вакцина (хитой-ўзбек) билан эмланишаётгани қўшимча қилинган.

Эътиборлиси, 27 июлга келиб (орадан 11 кун ўтиб), қуйи палата депутатлари Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши мажбурий эмлашни қонунийлаштиришни кўзда тутган қонун лойиҳасини маъқуллаб, Сенатга юборишди.

Ушбу ҳужжат лойиҳасида «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида аниқ норма киритилмоқда.

Қолаверса, Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходим юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлиги кўзда тутилмоқда. Ушбу моддада шунингдек, ходим ишдан четлатилган давр учун унга иш ҳақи ҳисобланмаслиги қайд этилган.

Бундан келиб чиқадики, ҳозирча юқоридаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмаган экан, айни вақт ҳар қандай ҳолатда ҳам мажбурий эмлаш қонунга зид… Агар зид бўлмаса, нега унда депутатлар ярим йиллаб кўриб чиқилишини кутаётган ҳужжатларни ортга суриб, мазкур лойиҳа устида бош қотирмоқда?

Қуйи палата изоҳида шундай дейилган: «Бу билан ҳаммани мажбурий эмлаш жорий этилмаяпти. Гап маълум бир тоифадаги ишчи-ходимларнинг вакцина олиши ҳақида кетяпти. Бу тоифа вакиллари (14 тоифа) матбуотда эълон қилинган».

Юқоридагилар келиб чиқиб, «Газета.uz» омбудсман Феруза Эшматовага бир нечта саволлар билан мурожаат қилди.

— Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида сизнингча, мажбурий эмлашни жорий этиш ортидан фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилмаяптими?

— Ушбу саволга «бу инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши ёки аксинча» деб жавоб беришдан аввал, дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган COVID-19 билан улар қандай курашаётганликлари ҳамда қонунчилигимизга мажбурий вакцина олиш бўйича тегишли нормаларнинг киритилиши зарурияти ва фуқаролар саломатлигига қанчалик даражада хавф солаётганини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

«Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида»ги Халқаро пактнинг 12-моддасига кўра, Пактда иштирок этувчи давлатлар ҳар бир кишининг жисмоний ва руҳий саломатлик жиҳатдан олий даражага етиши ҳуқуқини эътироф этиши белгиланган.

Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар кўриши лозим бўлган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Ўлик гўдаклар туғилишини ва болалар ўлимини қисқартириш ҳамда болаларнинг соғлом ривожланишини таъминлаш;
  • Ташқи муҳитнинг ҳамма жиҳатларини ва саноатда меҳнат гигиенасини яхшилаш;
  • Юқумли, эндемик, касбий ва бошқа касалликлар олдини олиш, даволаш ҳамда уларга қарши курашиш;
  • Касал бўлган ҳолларда ҳаммага тиббий ёрдам кўрсатиш ва тиббий парваришни таъминлайдиган шароит яратиш.

Шу ўринда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲБЕС) яқинда, яъни жорий йилнинг 8 апрель куни ёш болаларнинг мажбурий эмланишини демократик тамойилларга мувофиқлиги ҳақида қарор қабул қилди.

Чехияда истиқомат қилувчи бир гуруҳ ота-оналар томонидан ИҲБЕСга мактабгача таълимгача ёшидаги фарзандларини мажбурий эмланиши Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 8-моддасига (шахсий ва оилавий ҳаётнинг ҳурмат қилиниши ҳуқуқи) зид эканлигини таъкидлашган.

Суд болаларни мажбурий эмлаш, гарчанд Европа Конвенциясига зид бўлсада, демократик жамиятда зарур деб ҳисобланиши мумкинлиги, шу билан бирга Чехияда болалар ҳуқуқ ва манфаатлари эътиборга олинишини таъкидлаган. «Мақсад — ҳар бир болани хавфли касалликлардан эмлаш ёки жамоавий (коллектив) иммунитет орқали ҳимоя қилишдир» дейилади қарорда.

Ушбу қарор COVID-19 пандемияси даврида эмас, балки бошқа касалликларга қарши эмланиши бўйича 2013−2015 йиллар кўтарилган бўлса-да, лекин пандемия даври учун ҳам ўз актуаллигини сақлаб қолмоқда.

— Хориж давлатлари ҳам шу йўлдан бораяптими ёки уларда ёндашув бошқачами?

— Сўзимизнинг тасдиғи сифатида хорижий мамлакатлардаги ҳолат ва янги тартибларга тўхталсак. Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Ҳенкок жорий йилнинг июнь ойидаги чиқишида, айрим тоифадаги фуқаролар учун COVID-19`га қарши эмланиш мажбурий эканлиги ва бу бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритилишини таъкидаган.

Франция, Канада, Греция, Австралия, Индонезия, Италия, Туркманистон, Саудия Арабистони ва бошқа давлатлар ҳам COVID-19`га қарши жамиятнинг айрим категориядаги фуқароларни мажбурий эмланиши йўлидан боришмоқда.

Биз юқорида санаб ўтган давлатларнинг барчаси одамлар билан доимий мулоқотга киришувчи категорияларни аниқлаб, агар улар COVID-19 билан оғриса бошқа шахсларга ҳам юқтириши мумкинлиги нуқтаи назаридан мажбурий эмлаш амалиётини танлашган.

Содда қилиб айтганда, агар мен касал бўлсам атрофимдагиларга ҳам юқтиришим мумкин. Аксинча, вакцина олганим учун вирус менга юқмаса бошқаларни ҳам зарарламайман.

Кўплаб давлатлар тажрибасида қўлланилаётган мажбурий вакцина тартиблари «Бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бошқа бир инсоннинг эркинлигига дахл қилмаслиги зарур» деган ғояга асосланган.

Қолаверса, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда халқаро экспертлар коронавирусга қарши курашиш ва унинг янги тўлқинларини олдини олиш оммавий вакцинация орқали муваффақиятли ташкил этилиши мумкинлигини таъкидламоқда.

— Аввал қарор қабул қилиниб, ундан кейин (орадан 11 кун ўтиб) депутатлар эмлашни мажбурий қилишга оид қонун лойиҳасини кўриб чиқишди. Инсон ҳуқуқлари бузилиши нуқтаи назаридан, ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бера оласизми?

— «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги қонунининг 3-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасининг президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суд, Олий суд ҳамда бош прокурор қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.

Шунингдек, Ўзбекистон Конституциясининг 20-моддасида фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт деб белгиланган.

«Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига асосан, соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши, аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан баҳраманд бўла олиши, профилактика чора-тадбирларининг устунлиги, соғлиғини йўқотган тақдирда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоя қилиниши фуқароларнинг соғлиғини сақлашнинг асосий принципларидан ҳисобланади.

Мажбурий эмлаш амалиёти орқали мамлакатимизда ҳам хорижий давлатлар тажрибаларига мос равишда, касалликка қарши жамоавий иммунитетни шакллантириш орқали курашилмоқда. Агар сиз бирор бир кишига касаллик юқтирсангиз, унинг кўчага чиқиш, ўқиш, ишлаш, тўғридан-тўғри мулоқотга киришиш имкониятлари вақтинча чекланади. Ушбу вазиятда вирус сурункали касалликлар туфайли кучсиз ёки иммунитети паст инсонларга ёки катта ёшдаги инсонларга юқса, бунинг оқибати ўлим билан ҳам тугаши мумкин.

Назаримда, аҳолимиз ушбу норманинг амалиётга нотўғри талқин қилинишидан, иммунитети паст ёки бирор бир касаллик билан оғриган бўлишига қарамай, ёппасига барчани эмлашлари мумкинлиги ёки вакцина олиш мумкин бўлмаган ҳолларда ходимларни ишдан бўшатиб юбориш ҳолатлари кузатилишидан чўчишмоқда.

Шунинг учун ҳам тарғибот тадбирларини кучайтириб, мажбурий вакцинани олиш мумкин бўлмаган ҳолларда қандай чора-тадбирлар кўрилиши кераклиги каби масалаларга ҳам эътибор қаратиш зарур.

— Мажбурий эмлаш вақтида фақат бир турдаги вакцина мавжудлиги вазиятида аҳолининг танлов ҳуқуқи бузилмаяптими?

— Вакцина танлови масаласига келсак, фуқароларга вакциналар ҳақида тўлиқ маълумот бериб, танлаш имконини яратиш мақсадга мувофиқ.